Тошкент телеминорасига ташриф буюрувчиларга қулайлик ҳозирланди
Ўзбекистонда энг баланд иншоот бўлган Тошкент телеминораси муҳим ва мураккаб, шунинг баробарида ҳамманинг диққат марказида бўлган стратегик объект ҳисобланади. Телеминора ўз фаолиятини 1985 йилнинг 15 январидан бошлаган.
Телеминоранинг асосий фаолияти радиотелевизион дастурларини оммага узатиш, шунингдек, юртдошларимиз ва меҳмонларга Тошкент манзарасини баландликдан томоша қилиш учун экскурсия ҳамда миноранинг 105 ва 110 метр баландлигида жойлашган «Коинот» ресторани хизматларини кўрсатишдан иборат.
Бугунги кунда Тошкент телеминораси нафақат техник иншоот, балки пойтахт кўркига кўрк қўшиб турган ноёб архитектура дурдонасидир. Телеминора доимо сайёҳлар билан гавжум. Бутун мамлакатимизга кўзгудек нур таратиб турган бу улуғ даргоҳни теле ва радио каналларнинг юраги деб аташ мумкин.
Баландлиги 375 метрлик мазкур ҳашаматли телеминора пойтахтимизнинг марказида қад ростлаган. Телеминорага ташриф буюрган сайёҳ, албатта, бу муҳташам иншоот билан яқиндан танишиш, 100 метр баландликдаги кузатув залидан туриб, пойтахтнинг диққатга сазовор манзараларини кўришни орзу қилиши табиий.
Бўзсув каналининг ўнг қирғоғида, кўкка бўй чўзиб турган Марказий Осиёда ягона ҳисобланган ушбу нодир иншоотнинг ўзига яраша тарихи бор.
Юртимизда 1950-1970 йилларда телекўрсатувларни пойтахтимиз ва Тошкент вилоятининг узоқ тоғли туманларига етказиб берадиган баланд минорали телемарказга эҳтиёж туғилди. Уни қуриш учун эса 1971 йилнинг сентябридан Ўзбекистон алоқа вазирлиги тасарруфида «Тошкент радиотелевизон узатиш маркази-қурилиш дирекцияси» ташкил қилинди. Бир неча йил давомида лойиҳа устида изланишлар олиб борилди.
Телеминора қурилиши учун Бўзсув каналининг чекка қирғоғидан олти гектар ер ажратилган бўлиб, 1978 йилнинг апрель ойида қурилиш ишлари бошланиб кетди. Бунёдкорлик ишларига юқори савияли, катта тажрибага эга ишчи ва монтажчилар таклиф қилинди. Германиядан келтирилган пўлат қурилмалар шаҳримизда қайта ишланди.
Ҳар қандай иншоотнинг мустаҳкамлиги унинг пойдеворига боғлиқ. Телеминоранинг тўрт таянчи ва унга туташган учта оёқлари 11 метрлик чуқурликдан кўтарилиб чиқилган, бир-бири билан боғланмаган темир-бетон асосларига таянган бўлиб, мувозанатини ўта юқори даражада ушлаб туришга қодир классик тизим яратилган.
Телеминорадаги қурилиш ишлари Тошкент «11-Баландқурилиш» бошқармаси қурувчилари томонидан амалга оширилган.
Минора қурилишида 25 тонна юкни 240 метр баландликка кўтариш қобилиятига эга бўлган махсус кран ёрдамидан фойдаланилган. Телеминора пойдеворига 11 минг кубометр бетон ва минг тонна арматура аралашмасини ташкил этиб, 4 ой давомида битказилган.
1984 йилда эса, телеминорадан фойдаланадиган ташкилот Тошкент радиотелевизон узатиш маркази ташкил этилиб, ходимлар қабул қилинди. 1985 йилнинг 15 январидан телеминора расмий равишда ишга туширилди. Ўша сана юртимиз ҳаётида энг қувончли кунлардан ҳисобланиб, зарҳал ҳарфлар билан тарих саҳифаларига ёзиб қўйилди ва тантанали равишда нишонланди.
Тошкент телеминораси дастлаб 350 метр баландликда қурилиши режалаштирилган бўлиб, республиканинг ўша даврдаги раҳбарияти саъй-ҳаракатлари натижасида, минора қурилиш жараёнида унинг баландилигига ўзгартириш киритилиб, баландлиги 375 метрга етказилган. Телеминоранинг фойдаланишга топширилганлигига 36 йил тўлган бўлса-да, у ўзининг жозибаси ва мустаҳкамлигини йўқотмай келмоқда.
Кўп ўтмай, Тошкент телеминораси Останкино ва Эйфел миноралари тақдими билан Бутунжаҳон буюк миноралар жамияти (ББМЖ) да ўз ўрнини эгаллади. Бу эса, маънавий ва амалий аҳамият касб этиб, бизга дунё миқёсида қурилган ва ўрнатилган миноралар ва уларнинг фаолияти ҳақида бохабар бўлиш ҳамда юртимизни танитиш имконини берди.
Сўнги йилларда Тошкент телеминораси туризм салоҳиятини ривожлантиришга, сайёҳлик имкониятларни кенгайтиришга катта ҳисса қўшиб келмоқда.
Бугунги кунда Тошкент телеминорасига киришда ташриф буюрувчиларга қулайлик яратиш мақсадида QR кодли тизим қурилмалари (ARM касса қурилмаси, беш хил категориядаги QR кодли чипталарни чоп этиш қурилмаси ва автоматик тарзда ҳисобга олиш қурилмаси) ўрнатилди ва ишга туширилди.
Шунингдек, телеминоранинг расмий веб сайти (tv-tower.uz) орқали кириш чипталарини интернет тармоғи орқали харид қилиш имконияти яратилган. Ушбу ишларни давом эттирган ҳолда Payme тизими орқали ҳам QR расмга олган ҳолда чипталарга тўловни амалга ошириш имкониятларини яратилди.
2021 йилда Тошкент телеминорасида «Виртуал воқеийлик», «Аудио ГИД» ахборот тизимларини хизмат турларини яратиш ва Тошкент телеминораси расмий веб-сайтининг янгилаш ишлари амалга оширилади.
Тошкент телеминораси ўзига хос такрорланмас ноёб архитектура иншоотидан яқинроқ танишиш истаги бор юртдошларимиз ва хорижий меҳмонларимизга «Тошкент телеминораси Сизни кутмоқда» деб қоламиз, дейилади «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» ДУК ахборот хизмати хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter