Телеграм Премиум ишга тушди: нархлар, қулайликлар ва бошқалар
Телеграм 2022 йилда дунёдаги энг кўп юклаб олинган 5 иловадан бири бўлган ва энди фойдаланувчилар сони 700 миллиондан ошган. Телеграмнинг давомий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва эксклюзив қўшимча функциялардан фойдаланиш имконини берадиган Телеграм Премиум обунаси ишга туширилган.
«Бу бизга дунёдаги энг кучли мессенжердан бепул фойдаланиш имконини сақлаган ҳолда фойдаланувчилар йиллар давомида сўраган барча оғир ресурсли функцияларни таклиф қилиш имконини беради», дейилади расмий хабарда.
Телеграм Премиум
Телеграм Премиумга обуна бўлиш орқали фойдаланувчилар икки марта оширилган лимитлар, 4 ГБ файл юклаш, тезроқ юклаб олиш, эксклюзив стикерлар ва реакциялар, яхшиланган чатлар бошқаруви ва бошқа кўплаб имкониятларга эга бўлади.
Шу билан бирга, фойдаланувчиларни жалб қилган ва деярли ўн йилдан буён суянадиган барча мавжуд функциялар бепул бўлиб қолади. Бундан ташқари, премиум бўлмаган фойдаланувчилар айрим премиум функциялардан фойдаланиши мумкин: масалан, премиум фойдаланувчилар юборган жуда катта ҳужжатларни юклаб олиш ва стикерларни кўриш, шунингдек, аллақачон хабарга қўшилган премиум реакциялар ҳисоблагичини ошириш учун уларга босиш.
Обуначилар ҳиссаси кўп йиллар давомида мессенжерни ривожлантириш ва такомиллаштириш имконини беради ва у дунёдаги юқори технологияли компаниялар учун янги стандартларни берган ҳолда бепул, мустақил ва фойдаланувчиларга йўналтирилган бўлиб қола олади.
Тлегерам Премиум мақомини олиш учун телефон учун ҳар ойда 5 доллардан, компьютер учун 3.99 доллардан пул тўлаш керак. Премиум бўлганларга қуйидаги қулайликлар таклиф этилган.
4 ГБ юклашлар
Исталган фойдаланувчи ҳар бирининг ҳажми 2 ГБ гача бўлган катта файллар ва медиани юклаши ҳамда Телеграм булутида чексиз хотирада бепул фойдаланиши мумкин. Телеграм Премиум билан обуначилар энди 4 ГБ ҳажмли файлларни юбора олади. Бу 4 соатлик 1080п видео ёки 18 кунлик юқори сифатли аудио учун етарли.
Барча Телеграм фойдаланувчилари Телеграм Премиумга обуна бўлган ёки бўлмаганидан қатъи назар, ушбу йирик ҳужжатларни юклаб олиши мумкин.
Тезроқ юклаб олиш
Премиум обуначилар медиа ва файлларни мумкин бўлган энг юқори тезликда юклаб олади. Чекланмаган булут хотирангиздаги барча контентдан тармоғингиз кўтара оладиган энг юқори тезликда фойдаланиш мумкин.
Икки марта оширилган лимитлар
Премиум фойдаланувчилар иловадаги деярли барча нарса учун оширилган лимитга эга бўлади. Премиум билан 1000 тагача канални кузатишингиз, ҳар бирида 200 тагача чат бўлган 20 тагача жилд яратиш, исталган Телеграм иловасига тўртинчи ҳисоб қўшиш, асосий рўйхатда 10 та чат қадаш ва 10 тагача севимли стикерларни сақлаш мумкин.
Иловадаги деярли барча нарса учун икки марта оширилган лимитлар
Энди узунроқ таржимайи ҳол ёзишингиз ва унда ҳавола киритишингиз мумкин. Худди шу тарзда Премиум медиа изоҳларига узунроқ белгилар киритиш имконини беради. 400 тача севимли ГИФ билан исталган хабарга жавоб беришнинг тўғри усулини топиш осонроқ бўлади. Ва ниҳоят, Премиум фойдаланувчилари гуруҳ ва каналларига кўпроқ фойдаланувчиларни жалб қилган ҳолда бир вақтда 20 тагача оммавий t.me ҳаволасидан фойдаланиши мумкин.
Овозни матнга айлантириш
Овозли хабарларни сиз тинглашни хоҳламайдиган, лекин унда нима айтилганини билишни истайдиган ҳолатларда матнга айлантириш мумкин. Транскрипцияларни яхшилашга ёрдам бериш учун уларни баҳолаш мумкин.
Мукаммал стикерлар
Ўнлаб стикерлар бутун экран анимациялари туфайли янада томошабинбоп бўлди. Бундай стикерларни юбориш орқали Премиум фойдаланувчилар исталган чатда ўз ҳиссиётларини максимал аниқ ва ёрқин ифода этиши мумкин: анимациялар барча фойдаланувчилар учун кўринади. Телеграм рассомлари эксклюзив тўпламни ҳар ой тўлдириб боради.
Стикерлар панелингизнинг «Яқинда фойдаланилган» бўлимидан Премиум стикерларни тез топиш мумкин.
Мукаммал реакциялар
Премиум фойдаланувчилар хабарларга реакция билдиришнинг кўпроқ усули мавжуд: улар 10 дан ортиқ янги эможилардан фойдаланиши мумкин.
Чатлар бошқаруви
Телеграм Премиум чатлар рўйхатини тартиблаш учун илова ҳар доим махсус жилдни, очиши учун бирламчи чатлар жилдини (масалан, Барча чатлар ўрнига Ўқилмаганлар) ўзгартириш каби янги воситаларни ўз ичига олади.
Бирламчи жилдни ўзгартириш учун чатлар рўйхатида жилдни босиб туринг > Қайта тартиблаш > ва керакли жилдни биринчи ўринга ушлаб тортинг.
Шу билан бирга, обуначилар янги чатларни автоматик архивлаш ва сукут қилиш учун Махфийлик ва хавфсизлик рукнида созламани ёқиши мумкин, бу ҳатто энг банд чатлар рўйхатини ҳам тартиблашга ёрдам беради.
Анимацияли профил расмлари
Премиум фойдаланувчиларнинг профил видеолари илова бўйлаб, жумладан, чатларда ва чатлар рўйхатида барча учун кўринади.
Премиум нишонлар
Барча Телеграм Премиум обуначилари чатлар рўйхати, чат сарлавҳалари ва гуруҳлардаги аъзолар рўйхатида исмлари ёнида чиқадиган Премиум махсус нишонга эга бўлади. Бу улар Телеграмни қўллаб-қувватлашга ёрдам бериши ва янги функцияларни биринчи бўлиб оладиган клубнинг бир қисми эканини билдиради.
Премиум илова иконкалари
Телефон экранига Телеграм иловаси учун эксклюзив иконкалар тўплами яратилган. Обуначилар учун тўпламга Телеграм Премиум белгиси — юлдузлар, тунги осмон ва турбо самолёт киради.
Рекламаларсиз
Айрим мамлакатларда кўп обуначига эга оммавий каналларда реклама берувчилар Телеграм расмий платформаси орқали жойлайдиган хабарлар чиқиши мумкин. Фойдаланувчилар хавфсизлигига қайғурган ҳолда жойланган ушбу минималист хабарлар Телеграм жорий харажатларини қоплашига ёрдам беради. Улар Телеграм Премиум обуначилари учун беркитилади.
Премиум обуналар Телеграмга нафақат премиум функцияларнинг қўшимча харажатларини қоплашга, балки барча учун Телеграмнинг бепул версиясини қўллаб-қувватлашга ёрдам беради.
Барча учун қулайликлар
Шунингдек, барча учун бепул функциялар ҳам жорий этилган. Хусусан, оммавий гуруҳлар учун қўшилиш сўровлари, ташқи улашув учун анимацияли экран, яхшиланган бот тавсифлари ва бошқалар тақдим этилади.
Оммавий гуруҳлар учун қўшилиш сўровлари
Оммавий гуруҳлар энди қўшилиш сўровларини ёқиши мумкин, бу гуруҳ админларига янги аъзоларни гуруҳга ёзиш учун тасдиқлашидан олдин текшириш имконини беради. Гуруҳни очган фойдаланувчилар Гуруҳга қўшилишни сўраш бандини босиши мумкин, бунда сўровлар фақат админлар кира оладиган рўйхатга қўшилади.
Админлар бўлажак аъзо билан гуруҳ қоидаларни айтиш, гуруҳ ва фойдаланувчи бир-бирирга мос келиши ёки келмаслигини тушуниш учун алоҳида чатда суҳбатлашиши ва ҳатто янги аъзо учун сюрприз тайёрлаши мумкин. Бундай чатларни яратганда Телергам фойдаланувчига у билан гуруҳ админи боғланганини хабар қилади.
Оммавий гуруҳлар эгалари Гуруҳ ахбороти > Таҳрирлаш > Гуруҳ тури > Кимлар хабарлар юбориши мумкин? > Фақат аъзолар бандини танлаш > Янги аъзоларни тасдиқлаш бандини ёқиш орқали қўшилиш сўровларини ёқиши мумкин.
Чатларда тасдиқ нишонлари
Жамоат арбоблари ва ташкилотлар хабарлар тасдиқланган манбадан келаётганинини кўрсатиш учун тасдиқ нишонини Verification Check олган ҳолда гуруҳ, канал ёки ботини тасдиқлаши мумкин. Профиллар, қидирув натижалари ва чатлар рўйхатига қўшимча сифатида, ушбу нишонлар энди чатнинг юқорисида чиқади. Бу тасдиқланган ахборот манбаларини аниқлашни янада осонлаштиради.
Агар камида иккита ижтимоий тармоқда тасдиқланган бўлса, гуруҳ, канал ёки ботни тасдиқлаш мумкин.
Яхшироқ ботлар
Телеграмдаги ботлар сўровномалар олиш, тўловларни қабул қилиш ва ҳатто бутун веб-сайтлар ўрнини эгаллашга ёрдам беради. Бот дастурчилари энди функцияларини намойиш қилиш учун «Бу бот нималар қила олади?» бўлимига сурат ёки видео қўшиши мумкин.
Андроид учун иловада яхшиланган чат превюлари
Бу янгиланишда худди iOS учун иловадаги каби янада қулай чат превюлари қўшилди. Энди тўлиқ чатни ўқилган деб белгиламасдан кўриш учун уни варақлашингиз мумкин. Чатни ўқилган деб белгилаш, уни сукут қилиш, қадаш ёки ўчириб ташлаш имконини бериш учун янги тугмалар қўшилди.
Бирор чатга разм солиш учун шунчаки чатлари рўйхатида унинг профил расмини босиб туринг.
Андроид учун иловада галереяга автоматик сақлаш
Медиани галереяга автоматик сақлаш функцияси янги куч билан қайтди: медиани сақлаш функциясини энди фойдаланувчилар, гуруҳлар ёки каналлар билан чатлар учун алоҳида ёқиш ва фаолсизлантириш мумкин.
iOS учун иловада яхшиланган ташқи улашув
2 ГБ (ёки 4 ГБ) гача файлларни юбориш имконияти билан фойдаланувчилар катта медиа контентларни бошқа иловалардан бевосита исталган мобил платформадаги Телеграмга осон улашиши мумкин. Бу вақт ва хотира жойини тежайди – файлни Телеграмга юборишдан олдин уни сақлашингизга тўғри келмайди.
macOS учун иловада анимацияли профил расми конструктори
macOS учун илова фойдаланувчилари энди махсус профил расмини яратишнинг тезкор усулига эга – фокус сифатида исталган стикер ёки анимацияли эможини танланг ва рангли градиент фон қўшинг. Уни ўз профил расмингиз ёхуд гуруҳ ёки канал расми сифатида белгилаш мумкин.
Улардан бирини яратиш учун Созламалар ёки Чат ахбороти саҳифасига киринг > Таҳрирлаш бандини босинг > Стикер ёки Эможи танланг.
Тезроқ ва кучлироқ
Бу янгиланиш мобил ва десктоп иловаларига хатоликларни тузатиш, тезликни ошириш ва кичик функцияларни кенгайтириш каби 100 дан ортиқ тузатма ва оптималланишларни ўз ичига олади. Охирги iPhone ва iPad қурилмаларига эга iOS фойдаланувчилари илова бўйлаб сезиларли даражада равонроқ анимацияларга (120 ФПС) эга бўлади. Андроид фойдаланувчилари муқобил илова иконкаларини созлаш барча охирги стикерларни биттада тозалаш ва фойдаланувчи таржимайи ҳоллари ёки чат тавсифларини таржима қилиш, овозли ва видео хабарларда яхшироқ аудио ва видео сифати ҳақида хабар берилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter