Тайёрлов курси тингловчилари кириш имтиҳонларисиз Инҳа университети талабасига айланади
2018 йилнинг 19 июнь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) қошидаги Узлуксиз таълим маркази тайёрлов курси тингловчилари орасида якуний имтиҳонларни ўтказди. Имтиҳон якунларига кўра, энг яхши тингловчилар кириш имтиҳонларисиз IUT талабасига айланиш имкониятига эга бўлишди.
IUT томонидан ёшларни олий ўқув юртларининг кириш имтиҳонларига тайёрлаш мақсадида Узлуксиз таълим маркази ташкил этилган. Бугунги кунда ушбу марказ математика, физика ва инглиз каби фанлардан ўқув курсларини таклиф этади.
Марказ тажрибали ва юқори малакали ўқитувчиларни жалб қилиб, ўқув жараёнини қаттиқ назорат қилади. Ҳар уч ойлик муддатда тингловчилар оралиқ назорат топширишади ва фақат муваффақиятли тингловчиларгина ўқишни давом эттиришади.
«2018 йилнинг сентябрь ойида 460 нафарга яқин ёшлар бир йиллик ва икки йиллик тайёрлов курсларига рўйхатдан ўтишди ва уларнинг фақатгина 150 нафаригина якуний имтиҳонларда иштирок этиш имкониятига эга бўлишди», — дея қайд этди Узлуксиз таълим маркази менежери Дилшод Соатмуродов. — «Бу биз томонимиздан битирувчилар сонига эмас, таълим сифатига эътибор бераётганимиздан даракдир».
Тайёрлов курсларининг якуний имтиҳонлари математика ва физика фанларидан ўтказилди. Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг «Логистика» факультетига ўқишга кирмоқчи бўлган тингловчилар фақатгина математика фанидан имтиҳон топширишди. Имтиҳонда ҳар бир фанга бир соатдан вақт ажратилди.
Корея Республикасидаги Инҳа университети мутахассислари IUTга кириш имтиҳонларини ўтказиш учун Ўзбекистонга келишди. Имтиҳон саволлари Жанубий Кореяда тайёрланди ва имтиҳондан бир кун аввал Ўзбекистонга олиб келинди. Имтиҳон натижалари 2018 йилнинг 2 июль куни эълон қилинади.
Курс якунлари бўйича тингловчилар якуний имтиҳонларни топширадилар ҳамда 60 фоиздан юқори балл тўплаган ва энг яхши тингловчиларнинг дастлабки 30 фоизи қаторидан ўрин эгаллаган тингловчилар Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг талабасига айланадилар. Улар шунингдек, университетнинг кириш имтиҳонларида қатнашиб, грант ўринлар учун курашиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритадилар.
Якуний имтиҳонларда иштирок этган лицей ва коллежларнинг биринчи ва иккинчи босқич ўқувчилари якуний имтиҳонлар натижалари бўйича университет талабалари бўлиш имкониятини қўлга киритишади. Фақатгина улар лицей ёки коллеждаги таълимни тугатиб, диплом олгандан сўнг университетга қабул қилинадилар.
Имтиҳонларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети маъмурияти кутиш залида имтиҳонларнинг тўғридан-тўғри узатишни ташкил этди. Ота-оналар имтиҳонларни онлайн режимида кузатиш имкониятига эга бўлишди.
Бунга қўшимча равишда ўқувчиларнинг ота-оналари ва барча хоҳловчилар имтиҳонларни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг фейсбукдаги саҳифаси орқали онлайн режимида кузатиш имкониятига эга бўлишди.
Қайд этамиз, 2017 йили Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) қошидаги Узлуксиз таълим маркази Тайёрлов курси тингловчиларининг 94 фоизи талаба бўлишди. Жумладан 73 фоиз тингловчилар IUT га киришди. Марказ ходимлари бу йил мазкур кўрсаткич янаям юқорироқ бўлишига умид қилишмоқда.
Таққослаш учун: 2016 йили Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) қошидаги Узлуксиз таълим маркази тайёрлов курси тингловчиларининг 82 фоизи талаба бўлишди, уларнинг 61 фоизи IUT га кирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter