ТАТУда Ўзбекистон ОТМлари орасида ягона бўлган медиа-марказ очилди (фото)
Бугун, 29 октябрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида Ўзбекистон Республикаси ҳамда Япония ҳукуматлари ўртасидаги келишувга мувофиқ мамлакатимиздаги ОТМлар орасида ягона бўлган, умумий қиймати 1,6 млн. АҚШ долларини ташкил этувчи ўқув медиа-маркази очилди.
Ўқув медиа-марказининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов, Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) вице-президенти жаноб Казухико Кашикава, ТАТУ ректори Тўлқин Тешабоев, Япония элчиси жаноб Фужияма Ёшинори, университет профессор-ўқитувчилари, ОАВ вакиллари ҳамда талабалар иштирок этишди.
Очилиш маросимидан сўнг тадбир иштирокчилари ва меҳмонларга медиа-марказнинг барча имкониятлари, энг илғор технологиялар, унинг фаолияти тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Қайд этилишича, ўқув медиа-марказидан халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, олий таълимнинг илғор стандартларини жорий этиш, таълим тизимида энг сўнгги замонавий технологияларни қўллаш, шунингдек, талабаларга нафақат назарий билимлар бериш, балки амалий кўникмаларни ривожлантиришда фойдаланилади. Бу орқали эса замонавий медиа маконига юқори тажрибага эга бўлган мутахассисларни етказиб бериш мақсад қилинган.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, медиа ўқув марказида техник қурилмаларни етказиш ва ўрнатиш ишлари Япониянинг Марубени компанияси томонидан амалга оширилди.
Лойиҳа доирасида олийгоҳ медиа-марказига ТВ дастурларни тасвирга олиш тизими, ТВ ёриткич қурилмалари, виртуал студия, ТВ янгиликларни яратиш қурилмалари, видеомонтаж тизими, рақамли фотостудия қурилмалари, аудио ёзиш тизими, медиа павильонни бошқариш қурилмалари ўрнатилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter