Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Соврин жамғармаси $100 000 бўлган «mGovAward» танлови ғолиблари аниқланди

Соврин жамғармаси $100 000 бўлган «mGovAward» танлови ғолиблари аниқланди

Фото: «IT-Park»

Бугун, 11 ноябрь куни видеоконференция шаклида Ўзбекистон олий таълим муассасалари талабалари ўртасида «mGovAward» энг яхши давлат мобил иловасини ишлаб чиқиш бўйича танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Танлов жараёни 2019 йил 26 сентябрда бошланди. Унда иштирок этиш учун жами 260та мурожаат келиб тушди, улардан 97таси саралаб олинди. Финал босқичида иштирок этиш учун таълим, соғлиқни сақлаш, туризм ва бизнесни ривожлантириш соҳаларида мобил иловаларни ишлаб чиққан еттита жамоа вакиллари танлаб олинди.

Масалан, Sahiya иловаси имкониятлари чегараланган одамларга, шунингдек, идрок этиш муаммоларини ҳисобга олган ҳолда (эшитиш, кўриш ва ҳаракат қилиш муаммолари) ёрдам бериш учун яратилган. Лойиҳа machine learning (ML) ва сунъий ақл билан ишлайдиган тизимга асосланган илова-дастурдан иборат.

Шунингдек, инглиз тилини ўрганиш учун видеодарсликлар ва тестларни юклашга мўлжалланган масофавий таълим учун Roboteach иловаси ҳам намойиш этилди. Илова мактаб ўқувчилари, талабалар ва бошқа қизиқувчилар учун уйдан туриб тил ўрганиш ва зарур бўлган ўқув материаллари ва интерфаол дарслардан фойдаланиш имконини беради.

Мусобақанинг якуний босқичида Ўзбекистондаги Муқаддас жойларга ташриф буюрувчи чет эл ва маҳаллий саёҳатчилар учун Imam Bukhari мобил иловаси ҳам ўрин олган.

Илованинг алоҳида хусусияти шундаки, у шаҳардаги барча зиёратгоҳларнинг манзилларини ва уларга бориш учун йўналишни кўрсатади. Илова шунингдек, энг яқин меҳмонхоналар, озиқ-овқат хизмати нуқталарининг жойлашувини топишга имкон беради, GPS-навигациясини ўз ичига олади, бунинг натижасида саёҳатчи доимо тўғри йўл топиш имконига эга бўлади.

Оммавий овоз бериш натижаларига кўра, ғолиб масофавий таълим учун Roboteach иловасини ишлаб чиққан жамоа бўлди. Иккинчи ўрин Imam Bukhari мобил иловаси яратувчиларига берилди, учинчи ўрин эса имконияти чекланган инсонларга ёрдам бериш учун Sahiya иловасини ишлаб чиққан дастурчиларга насиб этди. Танлов ғолиб ва совриндорларининг ютуқ миқдорлари мос равишда 50 минг, 30 минг ва 20 минг долларни ташкил этди.

Эслатиб ўтамиз, «mGovAward» энг яхши давлат мобил иловаларини ишлаб чиқиш бўйича танлов Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг мувофиқлаштирувида IT Park томонидан Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида Бирлашган Араб Амирликлари давлат ишлари вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг