Смартфонингизни шахсий ёрдамчига айлантирувчи 12 илова
Бугун смартфонга кўп ишларни юклаш мумкин, фақат илова тўғри танланса бас. «Android» ва «iOS» учун мўлжалланган бу дастурлар ишларингизни тартибга солиб, харажатларингизни назорат қилади, қанчалик банд бўлманг, унутган режаларингизни эслатиб туради.
Уйғотгичлар
«Alarmy»
Оддий, аммо жуда самарали бу уйғотгич сизни албатта иссиқ ўрнингиздан туришга мажбур қилади. Уни ўчириш учун шунчаки бир тугмани босиш кифоя қилмайди, олдиндан белгилаб қўйилган бирон-бир объектнинг суратини олишга мажбурсиз. Бу уйдаги жиҳоз: китоб ёки чойнак бўлиши мумкин.
«Доброе утро» («Хайрли тонг») уйғотгичи
Ёстиғингиз яқинига қўйилган бу «ақлли» уйғотгич уйқу фазаларини кузатиб бориб, энг оптимал вақтда уйғотади. Иловада уйқу сифати статистикаси қайд этиб борилиб, уни яхшилаш учун тавсиялар берилади. Тез уйқу келтирувчи овозлар (денгиз шовқини, ёмғир садоси ва бошқалар) илова қилинган.
Ишларни тартибга солади
«Any.do»
Оддий ва ишлатиш учун қулай бу режалаштиргич ишлар рўйхати, тақвим, эслатмалар ва қайдларни ўз ичига олади. Ҳар сафар янги топшириқни қайтадан белгилаб овора бўлмайсиз, чунки иловада тайёр қолиплар ва керакли сўзлар керагидан ҳам кўп.
«Todoist»
Минималлаштирилган, бироқ функционаллиги анча кенг илова. Иш самарадорлигини ошириш учун мотивация тизимига эга, турли фильтрлар ва белгилар барча топшириқлар бўйлаб осон қидирувни таъминлайди. «Todoist» нафақат шахсий мақсадлар, балки дедлайнга қатъий риоя этилувчи корпоратив лойиҳалар учун ҳам ажойиб восита.
«Wunderlist»
Бу телефон, планшет ва компьютер учун мос келувчи энг яхши режалаштиргич-иловалардан биридир. Ҳар бир бир топшириққа фотосуратлар, PDF-файллар, ҳатто тақдимотларни бириктириб қўйиш мумкин.
Йўл кўрсатади
«2ГИС»
Ушбу офлайн-маълумотнома керакли ташкилотни харитада топиш, унинг иш тартибини билиш, лозим бўлса унинг вакиллари билан боғланиш имкониятларини тақдим этади. Керакли жойга етиб олиш учун эса ундаги навигатор ёки жамоат транспортлари фойдаланувчилари учун маршрутни шакллантириш функцияси қўл келади. 300 дан ортиқ шаҳарнинг кенг функцияли батафсил хариталари бор.
«MAPS.ME»
Иловада жуда кўп бинолар ва қизиқарли сайёҳлик йўналишлари акс этган деталлаштирилган хариталардан офлайн (интернетсиз) фойдаланасиз. Йўналиш эса жамоат транспорти, велосипед ёки яёв боришга қараб қўлда белгилаб олинади.
Соғлиқни назорат қилади
«Шагомер» («Вазнни камайтириш учун қадам ўлчагич»)
Агар кун бўйи «Шагомер» ўрнатилган телефонингиз чўнтагингизда бўлса, билингки, сизнинг ҳар қадамингиз назоратда. Вазнингиздан келиб чиқиб сарфлаган калориянгиз ҳисобланади ва тана массаси индекси аниқланади. Натижалари эса қулай кўринишда, диаграммаларда кўрсатилиб, фойдали маслаҳатлар берилади.
«Моя вода» («Менинг сувим»)
Ичилган сув трекери сермаҳсулликни таъминлаб, организмнинг жисмоний ҳолатини яхшилашга хизмат қилади. Бунинг учун эса етарли миқдорда сув ичиш керак. Кунлик минимум, тана вазнидан келиб чиқиб, индивидуал равишда ҳисобланади. Бунинг учун менюда керакли ичимлик ва унинг миқдори танланса кифоя.
«MyFitnessPal»
Калорияларни ҳисобловчи энг оддий ва қулай восита. Ундаги озиқ маҳсулотлари рўйхати 6 миллиондан ортиқ позицияни ичига олади. Рўйхат катта бўлгани билан керакли овқатни топиш қийинмас: номи ёзила бошласа тайёр калит сўзлар пайдо бўлади.
Молиявий ҳисоботларни зиммасига олади
«Monefy»
Бу илова бўлимларга тақсимлаган ҳолда сизнинг харажатларингизни ҳисоблаб боради. Ёзувлар шу заҳоти доира шаклидаги диаграммаларга айланади. Харажатларнинг алоҳида тоифасини тузишингиз, шунингдек даромадларингизни киритиб боришингиз мумкин. Турли қурилмалардан киришни таъминлаш учун «Dropbox» орқали синхронлаштириш кўзда тутилган.
«CoinKeeper»
Ғаройиб интерфейсли молиявий кўмакчи. Унда даромад ва харажатлар ҳамёндаги тангаларни тегишли бўлимга ўтказиш орқали қайд этилади. Пул тушуми ҳам шундай. Илова турли банклардан келган SMS-хабарларни автоматик равишда аниқлаб, гуруҳлай олади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter