Сирдарёда Ёш дастурчилар форуми ўтказилди
Аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида ташкил этилган «Рақамли технологиялар ўқув маркази»да жорий йил 22 май куни Ёш дастурчилар форуми ўтказилди.
Мазкур тадбир Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан вазирликнинг Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан вилоят ҳокимлиги ва Гулистон давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда Гулистон давлат университети, Гулистон компютер ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи талабалари, умумтаълим мактаб ўқувчилари, шунингдек маҳаллий дастурчилар ҳамда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчи IT-компаниялар иштирок этдилар.
Ёш дастурчилар форумини ўтказишдан асосий мақсад аввалги йилларда бўлгани каби бу йил ҳам ахборот технологиялари соҳасида эришилган натижалар ва амалга оширилаётган лойиҳаларни намойиш этиш ҳамда уларни қўллаб қувватлашдан иборат.
Форум давомида дастурчилар ўзлари томонидан яратилган лойиҳалари тақдимотини ўтказдилар.
Тошкент шаҳридаги Инҳа, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда нуфузли IT-компанияларнинг малакали мутахассислари иштирокида шакллантирилган Ҳайъат аъзолари томонидан Сирдарё вилоятида ёши чекланмаган дастурчилар тайёрлаган лойиҳалар баҳоланиб, зарур кўрсатма ва тавсиялар бериб ўтилди.
Тадбир сўнгида танлов ғолиблари эсдалик совғалар ва махсус дипломлар билан тақдирландилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter