Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шерзод Шерматов «АйТи шаҳарча» қурилиш майдонига борди (фото)

Шерзод Шерматов «АйТи шаҳарча» қурилиш майдонига борди (фото)

Фото: Xabar.uz

Бугун, 20 ноябр куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов пойтахтимиздаги Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркига борди. Бу ерда янги қурилаётган замонавий мажмуа қурилишларнинг бугунги ҳолати билан яқиндан танишди.

Фото: Xabar.uz

Мажмуа шоурумида қурилиши бошланган бинолар, уларда бўладиган шароитлар ҳақидаги тақдимот билан танишди.

Фото: Xabar.uz

Мазкур замонавий мажмуа қурилиши 2019 йил 20 ноябрда бошланган эди. Бу ерда босқичма-босқич 17 та иморат, жумладан, 20-25 қаватли офис бинолари, конференция зали, коворкинг маркази ва бошқа объектлар барпо этилади. Иншоотлар 9 баллдан юқори зилзилага чидамли бўлади. Ер остида 3 қаватли автотураргоҳ қурилади. Мажмуа ҳудудида кафе ва ресторанлар, дўконлар, масжид, спорт майдонлари, дам олиш жойлари ҳам бўлади.

Фото: Xabar.uz

Шу билан бирга IT-паркнинг истиқболдаги режалари тақдимоти ўтказилди. Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки компютер дастурлаш хизматлари билан шуғулланиб келаётган хўжалик субъектлари ва кичик тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга етарли шароитлар яратиш мақсадида ташкил этилган.

Фото: Xabar.uz

Ҳозирги кунда 496 та дастурий маҳсулот ва ахборот технологиялари ишлаб чиқувчи корхоналар IT-парк резидентлари ҳисобланади. Шундан 18 таси хорижий капитал иштирокидаги корхоналардир.

Жорий йилда республика бўйлаб 320 дан ортиқ дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчи ва компютер хизматларини кўрсатувчи янги корхоналар ташкил қилинди. Бундан ташқари йил давомида 100 та стартап-лойиҳалар инкубация ва акселерация дастурларида иштирок этди.

Фото: Xabar.uz

IT-парк резидентлари сифатида рўйхатдан ўтган корхоналар 2028 йил 1 январга қадар солиқлар ва божхона тўловларидан озод этилган.

Республика бўйлаб IT-паркнинг 6 та ҳудудий филиали (Андижон, Фарғона, Жиззах, Сирдарё, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳри) ҳамда иккита вақтинчалик филиаллари (Бухоро ва Навоий вилоятларида), шунингдек, АҚШнинг Делавер штатида IT-парк ваколатхонаси ташкил этилган.

Фото: Xabar.uz

Тақдимотдан кейин Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини янада ривожлантириш учун ўз таклифларини айтиб, барча ишларни тизимли амалга ошириш бўйича топшириқ берди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг