Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шерзод Шерматов: «Бу лойиҳа амалга ошса, жуда кўп муаммоларга ечим топилади»

Шерзод Шерматов: «Бу лойиҳа амалга ошса, жуда кўп муаммоларга ечим топилади»

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказида бўлди.

Вазир аввалига Марказ фаолияти ва ходимлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Сўнгра мутахассисларнинг электрон ҳукуматни ривожлантириш йўлида амалга оширилган ишлар ва яқин муддатга мўлжалланган лойиҳалари тақдимотини тинглади.

Жумладан, Электрон ҳукумат рейтинги, айни пайтда 2 млн. 100 мингдан зиёд фойдаланувчисига эга Ягона идентификация тизими (ONE ID), идоралараро интеграцион платформа (давлат органлари ўртасида маълумотлар алмашинувини таъминлайди), Ахборот тизимлари ва ресурсларининг ягона реестри, Маълумотномалар ва классификаторлар регистри, Очиқ маълумотлар портали, Ягона биллинг тизими каби бир қатор йирик лойиҳалар бўйича эришилган натижалар кўриб чиқилиб, ҳар бири алоҳида муҳокама қилинди.

Вазирни, айниқса, яқин истиқболга режалаштирилган «Аҳолининг электрон давлат реестри» ахборот тизими лойиҳаси тақдимоти жуда қувонтирди. Ушбу лойиҳа амалга ошса, жуда кўп муаммоларга ечим топилиши таъкидланди.

Ш.Шерматов, шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жорий этилаётган хизматлар ва Марказ томонидан қилинаётган ишлар тарғиботига ҳам алоҳида тўхталди.

«Электрон ҳукумат фаолияти, аввало, аҳолимиз ҳаёти фаровонлиги учун қаратилганми, демак, одамлар Ягона портал хизматларидан осон ва қулай фойдалана оладиган бўлиши керак. Бунинг учун ҳамма чораларни кўриш зарур. Яна бирор хизмат тарғиботида ёки электрон ҳукумат қилган ишларни халққа етказишда баланд-парвоз гаплардан қочиб, шундай имкониятлар, қулайликлар борлигини оддий-содда қилиб тушунтириш лозим», – дейди вазир.

Тақдимот давомида АКТ вазири Шерзод Шерматов электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини бериш баробарида, бу йўлда дуч келинаётган муаммоларни биргаликда ўрганиб, уларга ечим топишда албатта қўллаб-қувватлашини таъкидлади.  

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг