Робототехника ва IT бўйича жаҳон чемпиони. Ўзбекистонлик 15 ёшли ўқувчининг ютуқлари ҳақида
2003 йилнинг 26 ноябрида Навоий шаҳрида муҳандислар оиласида дунёга келган ўғлонга ота-онаси орзу-ҳавас билан Суҳроб дея исм қўйди. Болакай оиланинг тўнғич фарзанди бўлгани боис унга яхши таълим-тарбия бера бошлашди.
Ўғил бола бўлгани учун ҳам Суҳроб болалигидан синган ўйинчоқларини ўзи тузатишга уринди. Боладаги қобилиятни пайқаган ота фарзандига янада кенгроқ имконият яратиб берди. Фарзандига интернетдан қандай фойдаланишни ўргатиб, қуриш ва ясаш бўйича видеороликлар кўришни тавсия қилди. Онаси шифокор бўлгани боис фарзандига компьютердан тўғри фойдаланиш тартибларини ўргатди. Шу билан бирга Суҳроб 4 тилни, яъни ўзбек, рус, инглиз ва корейс тилларида мукаммал суҳбатлашишни ўргана бошлади.
Ота-онаси ўгитларига амал қилган Суҳроб ижтимоий тармоқлардан фойдали видеороликларни кўра бошлади. Робототехникага оид лавҳаларга кундан-кун қизиқиши ортиб борди. Ёшига ёш қўшилган сари ахборот технология соҳасига қизиқиб, ихтиролар билан шуғуллана бошлади.
Суҳроб Ҳайдаров Навоий вилояти, Навоий шаҳридаги 4-умумтаълим мактабида таҳсил олиб, бўш вақтида ижтимоий тармоқлар орқали дастурлаш, робототехника йўналиши бўйича мустақил билим ола бошлади.
Ёзги таътил кунлари Суҳроб қишлоқда оилавий дам олишни хуш кўрарди. Қишлоқда ҳам бекор юрмай, бройлер товуқларини парваришлай бошлади. Товуқларга йилнинг 4 фаслида парвариш керак, лекин доимам қишлоқда яшамайдиган Суҳроб 15 ёшида «Ақлли катак»ни ихтиро қилди. Бу ихтиро товуқларни профессионал боқиш учун яратилганлиги мутахассислар томонидан алоҳида эътирофга сазовор бўлди. Мазкур ихтиродан завқланган Суҳроб «Робот Макс» каби IT лойиҳаларини ярата бошлади. Макс исмли робот инглиз, француз ва корейс тилларида эркин сўзлашиши, шу билан бирга 7 ёшгача бўлган болаларга ушбу тилларни ўргата олиши билан омма эътиборини ўзига жалб этди.
Аста-секин қатор робототехника олимпиадалари ҳамда кўрик-танловларида қатнашган Суҳроб Ҳайдаров фахрли ўринларни эгаллай бошлади. Хусусан, 2018 йилнинг октябрь ойида «Иқтидорли ёшлар форуми»нинг Республика миқёсида робототехника йўналиши бўйича 1-ўринни эгаллади. Бир ойдан сўнг 24-25 декабрь кунлари ўтказилган «Youth techno art-2018» Республика танловининг «Робототехника» йўналишида 1-ўринни эгаллаб, халқаро «Youth techno art-2019» фестиваль-танловида қатнашиш учун йўланмани қўлга киритди.
Шунингдек, Суҳроб Европа давлатларида турли кўрик-танловларда иштирок этди. Жумладан, Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида бўлиб ўтган «Кампус-2019» халқаро DIV ва робототехника олимпиадасида фаол қатнашиб, 3-ўринни қўлга киритди. Венгриянинг Дьор шаҳрида 2019 йилнинг 8-10 ноябрь кунлари бўлиб ўтган WRO-2019 халқаро робототехника олимпиадасида 1-ўринни эгаллаб, EDUTUS университетида 100 фоизлик имтиёзли гранд асосида ўқиш имконига эга бўлди. Youth techno art - 2019 халқаро робототехника олимпиадасида 1-ўринни эгаллади. NYC яъни National youth conference «Миллий ёшлар конференциясида» IT speaker бўлиб фаол иштирок этди. «Carnival of robotics» номли роботлар карнавалида организаторлик қилди.
— Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокимларига «IT-PARK»ларни барпо этиш бўйича топшириқ берганида ахборот коммуникация технологиялари соҳасига қизиққан ёшлар жуда хурсанд бўлди, — дейди Суҳроб Ҳайдаров. – Биз ёшлар 2020 йилда ахборот технологиялари соҳасида яратиладиган шароитлардан унумли фойдаланиб, келгусида юртимиз ривожи учун муносиб ҳисса қўшамиз.
Ҳозирда Суҳроб Ҳайдаров ёш бўлишига қарамай, Навоий вилояти «Баркамол авлод» болалар марказида ташкил этилган «Ёш олимлар клуби»га раҳбарлик қилмоқда. Шунингдек, у «IT-PARK» ҳузуридаги «Рақамли технологиялар маркази»да «Робототехника» бўйича ментор вазифасида фаолият юритиб келмоқда.
Манба: uzedu.uz
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter