«Қора рўйхат»га эмас, «кредит тарихи»га ишонинг!
Ижтимоий тармоқларда фуқаролар томонидан банк «қора рўйхати»га тушганим учун кредит берилмаяпти...» деган мазмундаги мурожаатлар учраб турибди.
Мазкур ҳолат юзасидан Марказий банк қуйидагилар маълум қилди:
Аввало, айтиб ўтиш керак, банк тизимида «қора рўйхат» тушунчаси, умуман, кредит ажратилиши тақиқланган фуқаролар бўйича тузилган «махсус рўйхат» ёки «маълумотлар базаси» мавжуд эмас.
«Қора рўйхат» тушунчаси етарли билим ва малакага эга бўлмаган айрим банк ходимлари томонидан кредит аризасини кўриб чиқиш жараёнида илгари олинган ёки жорий кредити бўйича тўловларни кредит шартномасида белгиланган муддатлардан кечиктириб тўлаган фуқароларга «қора рўйхатга тушиб қолгансиз» деб изоҳ бериши (тушунтириши) оқибатида вужудга келмоқда.
Ушбу ҳолат аслида фуқаронинг «кредит тарихи» маълумотлари билан боғлиқ бўлиб, ҳозирги кунда ундан барча кредит берувчи ташкилотлар фуқарога кредит беришдан олдин фойдаланишмоқда.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз!
Кредит тарихи – бу сизнинг кредит ва қарзларингиз ҳақидаги маълумот. Унда кредитлар қачон, қанча миқдорда ва қаердан олинганлиги, кейин қандай қайтарилганлиги ва буни ким сўрагани тўғрисидаги маълумотлар мавжуд. Буларнинг барчаси my.gov.uz нинг кредит тарихи бўлимида сақланади.
Фойдаланувчилар учун!
- Кредит тарихини илк марта бепул олиш мумкин. Пуллик тартиби эса исталганча.
- Кредит тарихида хатолар аниқланса, уларни банк орқали тузатиш мумкин.
- Кредит тарихини нафақат банк, балки суғурта компанияси, нотариус, суд ёки иш берувчи фуқаро розилиги билан текшириши мумкин.
- Кредит тарихингизни билиш учун my.gov.uzда рўйхатдан ўтинг.
Электрон ҳукумат маркази томонидан хизматга доир видеойўриқнома тайёрланган:
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter