Ўзбекистоннинг чет эллардаги элчихоналари MUIC резидентларига жаҳон бозорига чиқишда кўмаклашади
«Mirzo Ulugbek Innovation Center»да марказ дирекцияси ва Ўзбекистон дипломатик доиралари вакиллари иштирокида ишчи учрашув ўтказилди. Унда Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимиз элчихоналарининг хориждаги фаолиятига бағишланган йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қўйилган вазифалар муҳокама қилинди.
Марказий Осиёдаги мутлақо янги сиёсий муҳит ўтган йилги энг катта ютуқлардан бири бўлди. Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар ва хорижий ҳамкорларга очиқ ва асосли мулоқот таклифи билан чиқиши муносиб акс-садо берди — бу ҳамкорлик натижасида узоқ йиллар давомида ечимини топмай келаётган оғриқли масалаларга чора топилди. Россия ва МДҲнинг бошқа аъзолари, Хитой, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Европа ва Осиёнинг қатор мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик сезиларли равишда мустаҳкамланди. БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, Ислом ҳамкорлиги ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар билан ҳамкорлик янги сифат босқичига кўтарилди.
Ташқи иқтисодий фаолиятда ана шу ижобий суръатни сақлаб қолиш, шу билан бирга, мамлакатимизнинг чет эллардаги дипломатик ваколатхоналари фаолиятида янги саҳифалар очишни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Булар ҳақида Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Арзиев, Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси муваққат ишлар вакили Рустам Қаюмов, Ўзбекистоннинг БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар бўйича Женевадаги доимий вакили Улуғбек Лапасов, Ўзбекистоннинг ЕХҲТ ва бошқа ташкилотлар бўйича Венадаги доимий вакил Шерзод Асадов ҳамда «Mirzo Ulugbek Innovation Center» директори Фарҳод Ибрагимовлар сўз юритишди.
Мамлакатимиз ахборот технологиялари корхоналари маҳсулотларининг экспорт ҳажмини ошириш, инфратузилмани замонавийлаштириш учун чет эл сармояси ва илғор технологияларини жалб этиш «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»нинг асосий вазифалари қаторида таъкидлаб ўтилди. Бу масалаларнинг ечими борасида аниқ қадамлар ҳам белгилаб олинди — Ўзбекистоннинг иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятидан жаҳон ҳамжамиятининг хабардорлик даражасини юксалтириш, мамлакатимиз компанияларининг халқаро IT-кўргазма ва анжуманлардаги иштирокини кўпайтириш, АКТ соҳаси вакиллари ва сармоядорлар учун виза тизимини соддалаштириш ва бошқа масалалар.
Чет элларда яшаётган ва ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритаётган ватандошларимиз билан алоқаларни йўлга қўйиш MUIC ва элчихоналар ҳамкорлигида алоҳида ўрин тутади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter