Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда ҳам сунъий интеллект лойиҳалари устида изланишлар олиб бориляпти

Ўзбекистонда ҳам сунъий интеллект лойиҳалари устида изланишлар олиб бориляпти

Мироқил Ёриқулов.

Фото: «Xabar.uz»

Ахборот технологиялари, турли инновацион лойиҳалар ҳақида сўз кетса, кўпинча чет эл компаниялари, хорижлик ихтирочиларни тилга оламиз. Аммо бугун ўзимизда ҳам замон талабларига жавоб берадиган дастурий маҳсулотлар, қурилмалар ишлаб чиқариляпти ва уларнинг аксарияти изланувчан, иқтидорли ёшларимизнинг меҳнати маҳсули.

Айни пайтда тўртинчи босқичда таҳсил олаётган Мироқил Ёриқулов ҳам ўз лойиҳалари билан Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари ўртасида анчайин танилиб улгурган.

— Мироқил, сизни «Қоровул антивирус» дейишар экан. Шу ростми?..

— Ҳа, тўғри (кулиб). Коллеж давридан бошлаб, яъни 2012 йилдан «Келажак овози» танловида ўз дастурларим билан қатнашганман. Тан оламан, дастуримда нуқсонлар борлиги учун совринли ўринлардан қуруқ қолганман. Ўшанда ўз олдимга катта мақсад қўйдим: шундай бир яхши дастур ишлаб чиқайки,  барчага фойдаси тегсин.

Шу билан 2012 йил апрел ойларидан «Қоровул» антивируси лойиҳасига киришдим ва ҳозиргача унинг устида ишлаб келяпман. Шу-шу атрофимдагилар «Қоровул антивирус» деб чақиришадиган бўлишди. Албатта, бу ҳазилни тўғри қабул қиламан.

2013 йили «Қоровул» билан «Best Soft Challenge»да 5 миллион сўм, «Юрт келажаги» танловида ноутбук билан тақдирландим. Излансанг, ҳаракат қилсанг янги ғоялар, имкониятлар пайдо бўлавераркан. Чунки ўша йил сарҳисобини қилган Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳам «Энг ёш дастурчи» номинацияси бўйича менга яна битта ноутбук совға қилди. Бу мен учун байрам устига байрам бўлганди.

— ТАТУга нима мақсадда киргансиз?

— Чунки бу юртимиздаги ахборот технологиялари соҳасидаги энг яхши университет — ўқиш жараёнида имкониятлар кўп. Бундан ташқари, Тошкентда айнан шу соҳа бўйича шароитлар ва муҳит яхши. Масалан, интернет тезлиги вилоятлардагидан фарқ қилади. Таҳсил давримдаги қизиқ бир фактлардан бири шуки, журнал бўйича бешинчи ўринда турардим ва шу ўрнимга мос баҳо олишга интилардим. ТАТУга кирганимдан сўнг робототехникага ҳам қизиқишим ортиб кетди.

— Албатта, ҳозир кўпчилик сабоқдошларингиз сизнинг робототехника соҳасида изланишлар олиб бораётганингиздан яхши хабардор, бошқа соҳаларда ҳам ҳеч ўзингизни синаб кўрганмисиз?

— Ҳа, албатта. Биринчи бўлиб ўзимни спортда синаб кўрдим. Мактаб ва коллежда таэквондо билан шуғулланганман. Аммо бу жанг санъатида ўзимни кашф қила олмаганман. Орада бир оз вақт узилиш бўлиб қолди. Аммо яна шу спорт тури билан шуғулланишни режалаштириб юрибман...

— Нима деб ўйлайсиз, ҳар доим ҳам муваффақиятлар ортида билим ётадими ёки истеъдод?

— Муваффақият биринчи навбатда — уриниш. Бирор-бир муваффақиятга эришиш учун аввал уни бошлаш керак! Муваффақият замирида чуқур тажриба ва билим ётади. Яратган ҳар бир инсонни ўзига хос хислатлар қатори, истеъдод билан ҳам сийлайди назаримда. Фақат уни юксалтириш, ривожлантириш инсоннинг ўз қўлида.

Ишонаманки, келажакда бизнинг антивирусимиз жаҳоннинг «Топ10»талигидаги антивируслар билан бемалол беллаша олади. Фақат бироз вақт керак.

— Чет эл сафарларида бўлдингиз. Хўш, у ёқларда ахборот технологиялари қандай?

— Шу йилнинг апрел-май ойларида ТАТУ ва «Huawei» компанияси ҳамкорлигида «Seeds for the future» лойиҳаси доирасида биз — ТАТУдан сараланган 10 нафар талаба Хитойга саёҳат қилиб, ўқиш ва тренинг курсларида қатнашдик, у ердаги мутахассислар билан фикр алмашиб қайтдик. Энг замонавий технологиялар билан танишдик.

Хитойда ривожланиш жуда ҳам тез, буни тасаввур қилиш ҳам қийин. У ерда одамлар жуда кўп, ишчи кучи ҳам шунга яраша. Ҳар бир лойиҳани жуда қисқа вақтда амалга ошириш талаб қилинади.

Эътиборимни тортган жиҳатлардан бири шуки,  Хитойда светофорлар ва йўл белгилари қуёш панелларига уланган. Булар ёрдамида светофорлар, йўл белгилари кундузи қувватланади, кечаси ёритади. Бундан ташқари, онлайн тўлов тизимлари яхши йўлга қўйилган. Улар ёрдамида йўловчи транспортларга ҳам тўловни амалга оширса бўлади.

— Бизда-чи?

— Мамлакатимизда ҳозирда АКТ ривожланиш босқичида, фикримча бу жараён яхши давом этяпти. Ҳамма инновацияларни бирдан жорий қилиб бўлмайди. Босқичма-босқич амалга оширилса, биз ҳам кўплаб ривожланган давлатлар сингари жаҳон АКТ бозорида ўз ўрнимизга эга бўлиб борамиз. Энг катта муаммоларимиздан бири АКТ соҳасидаги етук кадрлар етишмаслиги деб биламан. Бизда ҳам АҚШ, Хитой, Жанубий Корея, Украина, Беларус, Ҳиндистон каби давлатлардаги сингари яхши кадрлар етишиб чиқса, ўйлайманки, юртимизда АКТ соҳаси анча илғор поғоналарга чиқади.

— Ўқиш жараёнининг қанча қисми лабораторияда ўтади?

— Биринчи босқичда ўқиб юрган чоғларим 5-6 соат бўлса, ҳозир,  билмадим, кунимнинг асосий қисми лабораторияда ўтяпти, десам муболаға бўлмаса керак. Сабаби, битирувчи босқичдамиз, қиладиган ишларимиз кўп. Лабораторияда эрталабгача ишлаб чиққан пайтларимиз ҳам бўлган. Шу вақт мобайнида университетимиздаги талабаликка қабул тизимини биометрик маълумотлар орқали амалга оширишни уддаладик (албатта, бунда устозларимнинг меҳнатлари беқиёс). Тўғри, бу лойиҳага кўп вақт сарфланди. Аммо қисқа вақт ичида мукаммал лойиҳани ишлаб чиқиш ҳам жуда мушкул.

— Қандай лойиҳалар билан бандсиз?

— Ҳозир асосан, сунъий интеллект лойиҳаси асосида иш олиб боряпман. Сунъий интеллектлар объектни таниб олишлари учун катта ҳисоб-китоблар асосида ташкил этилган математик модуллар керак эмас. У шунчаки юз тузилишини керакли нейронлар орқали таниб олади. Умуман, сунъий интеллект лойиҳаларини чуқур ўрганиш ва амалда объектни ташқи шаклидан таниб олиш бўйича ишларга қизиқишим тобора ортиб боряпти.

— Келгуси режаларингиз қандай?

— Аввало, университетни аъло баҳолар билан тамомлаш. Кейин эса юртимиз ва жаҳондаги энг кучли антивирус дастурларидан бирини яратиш. Ишонаманки, келажакда бизнинг антивирусимиз жаҳоннинг «Топ10»талигидаги антивируслар билан бемалол беллаша олади. Фақат бироз вақт керак. Буёғи энди тинимсиз изланиш ва меҳнатга боғлиқ.

PS: Изланишдан чарчамайдиган Мироқил Ёриқулов ўз жамоаси билан яқинда бўлиб ўтган «Best Soft Challenge 2017» танловида ҳам биринчи ўринни қўлга киритган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг