Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда Аёлларнинг технологик тадбиркорлик ҳафталиги ўтказилади

Ўзбекистонда Аёлларнинг технологик тадбиркорлик ҳафталиги ўтказилади

Фото: «technovation.uz»

2018 йилнинг 23-28 март кунлари Ўзбекистоннинг бир қатор шаҳарларида мамлакатимизда иккинчи бор ташкил этилаётган ҳамда қизлар учун мўлжалланган «Technovation Uzbekistan» йирик технологик дастури доирасида Аёлларнинг технологик тадбиркорлик ҳафталиги ўтказилади.

«Women Technology and Innovation Week» тадбирида Кремний водийси ва Марказий Осиёнинг АТ ва технологик тадбиркорлик соҳасидаги етакчи мутахассислар: Калифорниядан «TechWomen ва Technovation» халқаро дастурларнинг ментор ва судьяси Рекха Пай, «Technovation Kazakhstan»нинг минтақавий элчиси ва ташаббускори Диана Цой, Қозоғистондаги бошланғич стартап-лойиҳалар бўйича эксперт Бахтигул Қосимовалар иштирок этишади.

Ҳафталик тадбирларида STEM ва digital-тадбиркорлик соҳаларида карьера қилаётган маҳаллий эксперт аёллар ҳам иштирок этишади. Улар орасида Биоорганик кимё институти директори ўринбосари, биология фанлари доктори  Шаҳло Турдиқулова, PR-эксперт Резида Эрдман, «Beeline Uzbekistan»нинг digital-маркетинг бўйича катта менежери Дилафруз Жийрановалар ҳам бор.

Семинарлар мавзуси технологик стартаплар, ижтимоий тадбиркорлик, менторлар ва карьера танлови соҳасини қамраб олади.

Алоҳида бўлим аёлларнинг бизнес ва фан соҳасидаги фаолиятига бағишланган.

Бизнес-лойиҳалар, тақдимотга тайёргарлик, «Technovation-2018» қатнашчилари учун индивидуал ва амалий сессиялар бўйича маҳорат дарслари ўтказилади. Жамоалар ва менторлар энг илғор хорижий амалиётлар тўғрисида маълумотга эга бўлишади.

Ҳафталикнинг семинарлари ва маҳорат-дарслари Тошкент (23-25 март, ТАТУ, Юқори технологиялар маркази ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети)да, Урганч (26 март) ва Хива (27 март)да бўлиб ўтади.

Ҳафталикнинг барча тадбирлари «Technovation Uzbekistan-2017/2018» дастурининг иштирокчилари ва менторлари учун мўлжалланган. Барча хоҳловчилар учун сессия 2018 йилнинг 25 март куни баҳорги «Startup Mix» конференцияси шаклида ўтказилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг