Ўзбекистонда АКТ ва ОАВ соҳаларига бағишланган Россия-Ўзбекистон медиа форуми бўлиб ўтади
Жорий йилнинг 4-6 октябрь кунлари Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Россия телевиденияси академияси фонди ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида Ўзбекистон-Россия медиа форуми бўлиб ўтади. Мазкур тадбирда Ўзбекистон ва Россия Федерациясининг етакчи давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситаларининг кўзга кўринган ижодкорлари ҳамда журналистларни ва ахборот технологиялари ходимларини тайёрлашга ихтисослашган олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва мамлакатимизнинг соҳада таҳсил олувчи талабалари иштирок этадилар. Шунингдек, Ўзбекистон-Россия медиа форумига МДҲ давлатлари, Болтиқ бўйи ўлкалари ва Грузиядан ҳам мутахассислар таклиф этилади.
Форумнинг ОАВ соҳасида ҳамкорлик қисми Ўзбекистон тарихи, маданияти ва унинг туризм салоҳиятидан Россия жамоатчилиги хабардорлигини кенгайтириш, мамлакатимиз телевидение ва радиоэшиттириш соҳаси мутахассисларининг малакасини ошириш, шунингдек, турли жанрдаги телерадио лойиҳаларни, хусусан, ахборот-таҳлилий дастурларни тайёрлаш борасида етакчи рус телерадиокомпаниялари тажрибасини ўрганиш каби масалаларни қамраб олади. Бу жараёнда мамлакатимиз ва россиялик теле ва радио ижодкорлар бир-бирлари билан ўзаро тажриба алмашиш имкониятига ҳам эга бўладилар.
Ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик қисмида, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ахборот агентликларининг тезкор хабарлар алмашинуви борасида ҳамкорлик қилиш, интернет ахборот ресурсларини янада ривожлантириш, ижтимоий тармоқларнинг жамият ҳаётига таъсирини ўрганиш тенденциялари муҳокама қилинади.
Форумнинг ахборот технологиялари соҳасида ҳамкорлик қисмида эса, АКТ технологиялари паркларини яратиш ва ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш, ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасида кадрлар малакасини ошириш ҳамда миллий интернет ресурсларини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари қамраб олинади.
Шунингдек, форумга Россия медиа оламида машҳур бўлган телелойиҳалар ижодкорлари жалб қилинади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter