Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Робототехника халқаро чемпионати президенти Инновацион ривожланиш вазирилигига раҳмат айтди

Робототехника халқаро чемпионати президенти Инновацион ривожланиш вазирилигига раҳмат айтди

Ўзбекистон ёшлар миллий терма жамоаси 28-29 сентябрь кунлари Донхе шаҳри (Корея) да бўлиб ўтган Робототехника бўйича халқаро чемпионатда иштирок этди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази вакиллари томонидан шакллантирилган жамоанинг чемпионатда иштирокига Буюк Британиянинг Петромаруз компанияси ҳомийлик қилди.

Миллий терма жамоа аъзолари тиббиётда қўлланилиши мумкин бўлган “Smart doc box” лойиҳасини ишлаб чиқиб, Robo scholar йўналиши бўйича Шавкат Абдураҳмонов ва Хумоюн Хайдаров 3-ўринни эгалладилар. Шунингдек, мусобақанинг сўнгги кунида миллий терма жамоа иштирокчилари — Зафар Собиров ва Жавоҳир Ғайратов “Best agriculture project” (қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича энг яхши муаллифлик лойиҳаси) номинациясида ғолибликни қўлга киритди. “Robot in movie” йўналишида эса “Technical award” мукофотига сазовор бўлди.

Ўз навбатида IROC (International Robot Olympiad Committee) Халқаро робототехника олимпиадаси қўмитаси президенти профессор Жонг-Хван Ким Инновацион ривожланиш вазирига робототехника бўйича Ўзбекистон жамоасини халқаро чемпионатга пухта тайёргарлик кўришларини таъминлагани учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё ҳудудида ёшларга робототехника орқали таълим бериш йўналишини ривожлантириш борасидаги ишларига муваффақиятлар тилади.

Робототехника бўйича халқаро чемпионат (IRO) - робототехника соҳасида ҳар йили ўтказиладиган халқаро ёшлар мусобақаси бўлиб, унда 38 иштирокчи мамлакатдан дастлабки турлардан муваффақиятли ўтган 500 нафардан ортиқ ўсмирлар иштирок этади. 2018 йилнинг декабрь ойида Филиппиннинг Манила шаҳрида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази ҳамда IROC (International Robot Olympiad Committee) Халқаро робототехника олимпиадаси қўмитаси билан имзоланган меморандумга кўра Ўзбекистон IROC таркибига кирди.

IROC ҳар йили турли мамлакатларда халқаро чемпионатлар ўтказади. Донҳе шаҳрида биринчи марта ўтказилаётгани боис, бу йилги номи ҳам шунга кўра ўзгарди - International Robot D (Donghae) Challenge (IRDC). IROCнинг кейинги чемпионати жорий йилнинг декабрь ойида Тайландда бўлиб ўтади, унда Ўзбекистон терма жамоаси ҳам фаол иштирок этиши режалаштирмоқда.

IRDC -2019да 25 мамлакатдан жами 398 иштирокчи қатнашди. Танлов шартларига кўра, иштирокчилар танланган тоифага мувофиқ белгиланган муддат ичида ўз роботларини яратишди. Ўзбекистон терма жамоаси икки тоифада иштирок этди: Robo Scholar ва Robot in Movie. Иштирокчилар IROC томонидан илгари сурилган 5 йўналишдан бирини танлаб, ўз ечимларини намойиш қилишлари керак эди: тиббиёт, аэрокосмик технологиялар, ёнғин хавфсизлиги, таълим ва озиқ-овқат саноати.

Шунингдек, Grand D Challenge чемпионати ҳакамларидан бири, Сунгсил (Soongsli) университети доценти Канг-Хи Ли ҳам ўзбекистонлик иштирокчиларнинг юксак тайёргарлигини қайд этди. Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги – Innoweek-2019 доирасидаги форумда унинг маърузачи сифатида иштирок этиши режалаштирилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг