Ўзбекистон вакиллари «GSMA Mobile 360-Evroosiyo» тадбирида иштирок этди
Ҳар йили ўтказиладиган «GSMA Mobile 360-Evroosiyo» тадбири дунёдаги энг янги инновацияларни ва технологияларни, шу билан бирга, рақамли иқтисодиёт ва телекоммуникацияларни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни муҳокама қилиш учун давлат ва хусусий сектор раҳбарларини жамлайди.
Жорий йилнинг 8-9 октябр кунлари Россия Федерациясида бўлиб ўтган навбатдаги тадбир доирасида МДҲ давлатлари ҳукуматлари ва мобил операторлари вакиллари учун мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатга олиш мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Бу ҳақда АКТ вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Ушбу тадбирда «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш Республика маркази» давлат унитар корхонаси директори вазифасини бажарувчи Бобур Тиллабаев ва «UZIMEI» лойиҳаси мутахассислари иштирок этишди.
Давра суҳбатида иштирокчилар ўғрилик, фирибгарлик ва сохта қурилмаларнинг ноқонуний ишлаб чиқарилиши ҳолатлари, давлат ташкилотлари, мобил алоқа операторлари, мобил қурилма ишлаб чиқарувчилари ва фойдаланувчилар фаолиятига кўрсатадиган таъсири билан боғлиқ муаммоларни муҳокама қилдилар.
Тадбирда GSMA халқаро ассоциацияси вакиллари ва соҳанинг бошқа экспертлари «қора рўйхат» ва IMEI-кодларни блоклаш ва миллий реестрларнинг роли ҳақида ўз фикрларини билдириб, илғор жаҳон тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Эслатиб ўтамиз, «UZIMEI» лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан контрафакт қурилмаларни олиб кириш, телефонларни ўғирлаш ва ноқонуний фойдаланиш даражасини пасайтириш билан боғлиқ бир қатор муаммоларни бартараф этиш мақсадида жорий этилган эди. Шу билан бирга, ушбу лойиҳа фойдаланувчиларга мобил қурилмаларнинг IMEI-кодлари ҳолатини текшириш орқали сифатли қурилмалар харид қилишларини, келгусида мобиль қурилмалар ишлаб чиқарувчилар томонидан сифатли хизмат олиш имкониятини яратади. Яъни, «UZIMEI» лойиҳаси республика бозорига iPhone, Huawei, Xiaomi ва бошқа халқаро брендларнинг расмий киришини таъминлайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter