Онлайн-харидни хавфсиз амалга ошириш усуллари
Онлайн-сервислар орқали харидни амалга ошириш қулайлашаётгани ва онлайн-шопинг тез ривожланиб бораётгани жиноятчиларни ҳам ўзига жалб этмоқда.
2014 йилда дунёдаги энг йирик интернет-аукцион «eBay» хакерлар томонидан бузилган эди. Ўшанда хакерлар «eBay» маълумотлар базасига кириб, фойдаланувчиларнинг электрон почта ва уй адреслари, телефон рақамлари, пароллари ва бошқа маълумотларини қўлга киритган эди. Бунинг оқибатида 145 миллиондан ортиқ фойдаланувчи зарар кўрган.
Ўтган йили эса «Target» ретейлеридаги 40 миллион фойдаланувчининг маълумотлари ўғирланган. «Лайфхакер» бу каби жиноятчиликнинг қурбони бўлмаслик учун кўрилиши лозим бўлган эҳтиёт чоралари ҳақида маълумот берди.
Интернет дўкони ҳақида билдирилган фикрларни ўрганинг
Агар сизни қизиқтирган интернет-дўкон фирибгарларга тегишли бўлса, алданган мижозлар албатта у ҳақида бирор нима ёзиб қолдирган бўлади. Дўконнинг реал адреси ва телефон рақамига эътиборли бўлинг: агар маълумотлар бўлса, бу ишончни бироз бўлса-да оширади. Телефон қилиб улар билан суҳбатлашиб кўринг.
Ижтимоий тармоқлар орқали рўйхатдан ўтманг
Ижтимоий тармоқ — жиноятчилар учун ўз ўлжаси ҳақида барча маълумотларни тақдим этадиган бирламчи манба. «Facebook» профилингиздаги созламаларга кириб, унга «қулф» осиб қўйинг ва интернет-дўконлар унга киришига рухсат берманг.
Пароллар менежеридан фойдаланинг
Ҳар бир сервис учун парол ўйлаб топиш қийин. Бироқ битта паролдан ҳамма жойда (электрон адрес, ижтимоий тармоқ, интернет-дўкон) фойдаланиш ҳам яхши эмас. Шунинг учун бирорта қулай пароллар менежерини ўрнатиб олинг.
Электрон почтанинг асосий адресини кўрсатманг
Асосий почтангизда ижтимоий тармоқлардаги профилингиз калитлари сақланаётган бўлиши ёки почта орқали уни осонгина бузиб киришлари мумкин. Унга интернет-банкинг хизматлари, шахсий ёзишмаларингиз ҳам боғланган бўлиши мумкин. Шунинг учун интернет-харидлар учун алоҳида почта очиб қўйинг.
Интернет-харидлар учун алоҳида карта ёки «ҳамён» очинг
Шунингдек, бу тўлов карталарига ҳам тегишли — ундаги маълумотлар ўғирланса ҳам ачинмайсиз. Картангизни хариддан олдин унчалик кўп бўлмаган маблағ билан тўлдиринг. «SMS» хизматини ишга туширинг. Бундан ташқари пулларни ечиб олишга чеклов (лимит) ўрнатиб қўйинг.
Веб-адресни қўлда киритинг
Зарарли сайтлар машҳур ресурсларнинг домен номларига ўхшаб кетадиган номлардан фойдаланиши мумкин. «amazon» ва «amaz0n» ўртасида фарқ шундаки — иккинчиси фирибгарларга тегишли. Шу сабабли URL кўчириб эмас, қўлда битталаб ёзинг.
Уланишдаги хавфсизликка эътибор беринг
Хавфсиз ресурснинг адреси https ҳарфлари билан бошланади. Бунда s ҳарфи «sеcurе» — «хавфсиз» дегани. Интернет-дўконларни яратишга мўлжалланган «Ecwid» платформаси HTTPS протоколи ва SSL-сертификатидан фойдаланишни маслаҳат беради, улар интернет фойдаланувчилар ва сайтлар ўртасида маълумотлар алмашинуви ҳимоясини таъминлайди.
Маълумотларни Wi-Fi орқали узатманг
Қаҳвахона, меҳмонхона ва йирик савдо марказларига ўрнатилган текин «Wi-Fi»лардан фойдаланмай қўяқолинг. Кибержиноятчиларга бу жуда қўл келиб қолиши мумкин. Жамоат жойларидаги интернет тармоқларининг парол билан ҳимояланганини танланг.
Ҳаволага ўтишдан олдин уни яхшилаб ўқинг
Ўз вақтида «Avito» фойдаланувчиларига «SMS» юборилиб сохта «avito.inbox.com» ресурсига ўтиш тавсия қилинган. Сохта сайт орқали одамлар ўз маълумотлари ва пулларини ўғирловчи вирусни кўчириб олган эди.
Шунингдек, фирибгарлар электрон хатлардан ҳам фойдаланади.
Олдиндан тўлашга асло рози бўлманг
Агар сотувчи сизнинг дўстингиз ёки узоқ вақтдан буён ҳамкорлик қилаётган танишингиз бўлмаса товарни олмагунингизча пулни тўламанг. Акс ҳолда сизга ҳеч нима юбормасликлари мумкин.
Чек ва квитанцияни сақлаб қўйинг
Товарни қайтаришни истаб қолсангиз ҳисобингиздан ечиб олинган маблағ чеки орқали интернет-дўкон билан бемалол судлашсангиз бўлади. Уларни сақлаб қўйинг.
Мунтазам янгиланиб туринг
Интернет-дўконлар билан ишлашда фойдаланадиган қурилмаларингизга ҳимоя ўрнатинг: энг оддий усул антивирус, керакли дастурларни, браузерни ва операцион тизимни янгилаб туриш. Дастурчилар мунтазам равишда ўз дастурларини такомиллаштириб боради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter