Нотариат, адвокатура ва давлат хизматлари соҳасида янги таклифлар берилди
Бугун, 14 декабрь куни Тошкентдаги «Hilton» меҳмонхонасига бир гуруҳ хорижий ҳамда маҳаллий экспертлар таклиф этилди. Улар «Адлия соҳасида рақамлаштиришни ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари» мавзусидаги халқаро конференцияда ўз маърузалари, фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифлари билан қатнашдилар. Бу ҳақда Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази Ахборот хизмати хабар берди.
«...Ҳозирги кунда бизда маълумотларни сақловчи ва қайта ишловчи ягона база йўқ. Электрон ҳукуматга мустаҳкам пойдевор қўймай туриб, унинг устига бошқаларини қураверган билан келажакда кутилган самарадорликка эришолмаймиз. Шу сабабдан муҳтарам президентимиз 2022 йил биринчи ярмига қадар Электрон ҳукуматнинг ягона маълумотларни қайта ишлаш марказини қуриб битказиш ҳамда унга барча вазирлик ва идоралардаги маълум бир тизимларни босқичма-босқич ўтказиш топшириғини бердилар...», – дейди халқаро конференцияда сўзга чиққан Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази директори Баҳром Зияев.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ҳамда «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур конференцияда айни кунда долзарб бўлган рақамлаштириш билан боғлиқ масалалар кўтарилди.
Жумладан, Адлия органларида рақамлаштиришни ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари, давлат бошқарувини рақамлаштириш дастурларини ривожлантириш аҳволи ва истиқболлари, ушбу жараёнда суд-экспертиза фаолияти, электрон ҳукумат тизимида Давлат хизматлари агентлиги роли ҳамда фаолиятни ҳуқуқий тартибга солиш, маълумотларни ҳимоялаш, нотариат, интеллектуал мулк соҳаларини рақамлаштириш ва унинг истиқболлари каби бир қанча йўналишларда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар, шунингдек, мавжуд муаммо ва камчиликлар муҳокама қилинди.
Юқори савияда ташкил этилган конференцияда тажрибали раҳбарлар ва мутахассислар аҳоли ҳаёт тарзини янада қулайлаштиришга хизмат қилувчи таклифлари билан ҳам ўртоқлашдилар.
Хусусан, «Электрон ҳукумат» маркази раҳбари Баҳром Зияев ўз тақдимотида Адлия органлари ва муассасаларини рақамлаштириш юзасидан қуйидаги таклифларни берди:
Нотариат соҳасида
Нотариал ҳаракатларни масофадан амалга ошириш имкониятларини яратиб, ваколатли органлардаги ҳужжатларни фақат электрон ҳамкорлик орқали олиш; ишончномаларни электрон тарзда расмийлаштириш; проактив хизматларни жорий этиш.
Адвокатура соҳасида
Лицензияланадиган фаолият ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни электрон тарзда олиш; адвокатларни АКТдан фойдаланган ҳолда танлаш; адвокатлар билан суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа ваколатли идоралар билан электрон ҳамкорликни йўлга қўйиш; адвокатларнинг электрон реестрини яратиш.
Давлат хизматлари соҳасида
ФҲДЁ органлари тизимида никоҳни қайд этиш ва никоҳдан ажратиш каби хизматларни электрон шаклда қабул қилиш ва расмийлаштириш; никоҳланувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтиш жараёнларини рақамлаштириш (йўлланма ва маълумот алмашинуви электрон шаклда бўлсин); шахсга доир маълумотлар ўзгарганда проактив хизматларни жорий этиш.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter