Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Миллиард долларлик IT компания ташкил қилган биринчи ўзбек бўлмоқчиман!..» – АҚШдаги ёш тадбиркор билан суҳбат

«Миллиард долларлик IT компания ташкил қилган биринчи ўзбек бўлмоқчиман!..» – АҚШдаги ёш тадбиркор билан суҳбат

Фото: Xabar.uz

«Хориждаги ватандошлар» лойиҳаси доирасидаги интервьюлар давом этади. Бу галги суҳбатдошимиз бир неча йиллардан бери Америка Қўшма Штатларида IT тадбиркор сифатида фаолият юритиб келаётган Сардор Аҳмедов.

Қаҳрамонимиз бугунги кунда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи Jafton.com вa масофавий таълим берувчи Missed.com компанияларини бошқариб келади. Шу билан бирга у хориждаги ўзбекистонликларни бирлаштириш мақсадида «Uzbek Diaspora» ННТга асос солган.

Шунингдек, Сардор Harvard Business Review вa Pace Lubin School of Business корхоналарининг маслаҳат кенгашларидаги ягона ўзбек ҳамда Forbes Business Councilдаги энг ёш вакил ҳисобланади.

«АҚШ ёққан бўлса-да, лекин Буюк Британияда ўқишни хоҳлар эдим...»

АҚШга биринчи марта 15 ёшимда, аниқроғи 2013 йили катта опам турмушга чиққанларидан сўнг уларни кўргани кичик опам ва укам билан келганмиз. Менга АҚШ ёққан бўлса-да, лекин Буюк Британияда ўқишни хоҳлар эдим.

Лекин 1 йилдан сўнг 2014 йил АҚШнинг Массачусетс штатидаги The Macduffie School хусусий мактабга грант ютиб олганман ва 11 синфда ўқиш учун бу ерга келганман. Мактабни битириб аввал IT соҳаси бўйича New York Institute of Technology университетининг «Электр инжиниринг» бакалавр босқичига кирганман. Орзуим IT соҳасида бизнес юритиш эди ва шу учун албатта дастурлашни билишим шарт деб ўйлаганман. Аммо Стив Жобс каби ўзи дастурлашни билмасдан туриб катта IT компанияларни қурган тадбиркорлардан руҳланиб дастурлаш соҳасини битирмасдан Бизнес факультетига ўтиб кетдим.

Лекин бизнесга кириб кетганим сабабли ўқишимни бутунлай битирмасдан 2 йиллик чала дипломимни олиб таълим олишни тўхтатдим. Қўшма Штатларда ўқишни тўхтатсангиз талабалик статусингиздан маҳрум бўласиз ва шу сабабли мен О1А, яъни алоҳида қобилиятга эга мутахассислар учун яратилган ишчи визасига топширдим ва АҚШ иммиграцияси мени кучли тадбиркор деб билгани сабабли шу визани 3 йилга берди. Ҳозирда ушбу виза орқали бу ерда ўз бизнес фаолиятимни юритиб келаман.

«Бошида уларга шогирд, кейинроқ бизнес ҳамкор бўлдим...»

Дастлабки бизнесларимдан бири Nutra First номли компания бўлган. Компаниям Америкадан Ўзбекистонга спорт машғулотлари учун қўшимча озуқавий маҳсулотлар экспорти билан шуғулланган. Ҳозир мазкур компанияни бизнес ҳамкорим бошқариб келади.

Бугунги кунда мен бутун диққат-эътиборимни IT бизнесига қаратганман. Очиғи IT бизнесига илк бор бундан икки йил олдин устозим, йирик IT тадбиркор Бобур Акилхонов билан ишлаш орқали кириб келганман. Бошида уларга шогирд бўлдим, кейинроқ улар билан бизнес ҳамкор бўлиб ҳозирги кунда бир нечта IT компанияларни бошқариб келамиз. Булар сирасига дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи Jafton.com вa масофавий таълим бериш хизматини кўрсатувчи Missed.com компанияларини айтишим мумкин.

Соҳага ҳеч қачон пул учунгина кириб келмаслик керак...

Ўзбекистондаги янгиликларни кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Саволингиздан келиб чиқиб, менимча ҳозир IT соҳасини ривожланишига тўсқинлик қиладиган нарса мамлакатимизда деярли йўқ. Олдинлари интернет тезлиги яхши эмас эди. Бироқ ҳолат йилдан йилга яхшиланмоқда. Энди фақат сифатли билим олиш қолди, холос.

Шу ўринда, дастурлашни танлаётган ёшларга соҳага ҳеч қачон пул учунгина кириб келмасликни маслаҳат берган бўлардим. Боиси, дастурлаш соҳаси асосан компьютер қаршисида ва бир жойда ўтириб ишлашни талаб қилади. Агар пул учун соҳани танлаётган бўлсангиз аниқ сизда ўхшамайди, чунки сабрингиз чидамаслиги мумкин. Шунинг учун инсон ўзига ёқадиган касбни танлаши зарур.

Келажакдаги режаларим эса, АҚШда миллиард долларлик IT компания қуриш, аниқроғи биринчи миллиард долларлик компания ташкил қилган ўзбек бўлмоқчиман. Буларни албатта бир ўзим эмас, балки устозим ва бизнес ҳамкорим Бобур Акилхонов билан биргаликда амалга оширамиз.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг