Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«117 та application, стратегик қарор ва Лондон ёки Истанбул» – Microsoft’даги ўзбек йигити ҳикояси

«117 та application, стратегик қарор ва Лондон ёки Истанбул» – Microsoft’даги ўзбек йигити ҳикояси

«Хориждаги ватандошлар» лойиҳаси доирасидаги интервьюларни давом эттирамиз. Навбатдаги суҳбатдошимиз Қўшма Штатларда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ёш ватандошимиз Орзуманд Ходиев.

Хабарингиз бор, аввалроқ Microsoft’даги ўзбек дастурчиси Оғабек Йўлдошев билан интервю эълон қилинган эди. Қаҳрамонимиз Орзуманд ҳам ҳозир Microsoft’да маҳсулот менежери бўлиб ишлайди.

Суҳбатдошимиз Жанубий Флорида университетида бакалавр, Далласдаги Техас университетида магистратура босқичини тамомлаган. Бир муддат Амазонда бизнес-таҳлилчи сифатида ишлаган.

Болалигим ўқиш ва спорт билан шуғулланишда ўтган

Тошкент шаҳрида туғилиб ўсганман. 6 ёшимда 50-сонли мактабга қатнай бошладим. Болалик йилларим асосан ўқиш, ЛEГО тўпламларини йиғиш, футбол ва теннис каби спорт турлари билан шуғулланишда ўтган.

Қўшма Штатларга келишим жуда қизиқ ҳикоя. 16 ёшимда ёз фасли Буюк Британияга ўзим саёҳат қилиш бахтига муяссар бўлдим. Ўша саёҳат мустақил қарор қабул қилиш ва ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзимни бошқара олишимни кўрсатувчи омил бўлди.

Шундай қилиб, Тошкентга қайтиб келганимдан сўнг, хорижда таълим олиш имкониятларини излай бошладим. Аммо хорижий олийгоҳларга ҳужжат топшириш ва таълимимни молиялаштиришга стипендия олиш учун зарур шартлардан бири – юқори IELTS баллга эга бўлишим керак эди. Кейин «IELTS имтиҳонидан юқори балл олиш» бўйича 3 ойлик режа туздим ва тайёргарликни бошладим. Натижа эса, ёмон бўлмади.

Энди сизнинг асосий саволингизга қайтадиган бўлсам, сабаблар кўп, бир нечта асосийларини айтиб ўтмоқчиман:

  • Таълим сифати;
  • Ўқишни тугатгандан сўнг яхши ишга кириш имконияти;
  • Мутлақо бошқа мамлакатдаги ҳаётни кўриш ва ҳис қилиш;
  • Етарли даражадаги стипендия.

АҚШда жойлашган муассасалар танлаш учун кенг доирадаги мутахассислик йўналишлари ва молиявий ёрдам беради. Сиз АҚШда ҳаётингизни нолдан бошлаб қуришингиз ва муваффақиятли шахс бўлишингиз мумкин. Умуман олганда, ҳақиқатан ҳам бу ер имкониятлар мамлакати.

Маркетинг, кейин сиёсатшунослик фанлари бўйича таҳсил

АҚШда компьютер фанлари ёки технология билан боғлиқ бошқа ихтисосликни танласангиз, ҳеч қачон хато қилмайсиз. Чунки мамлакат бозори асосан IT-саноатига юқори иқтидорларни жалб қилиш билан машҳур ва технология мутахассисларига катта эҳтиёж мавжуд. Математика ва мантиққа қизиқишимга қарамай, ҳеч қачон ўзимни «технологик» йигит деб билмаганман. Анча вақт чуқур изланишлар олиб борганимдан сўнг, «Таъминот занжири бошқаруви» (SCM) соҳаси ҳақида билиб олдим, бу мени ҳайратда қолдирди. Мазкур соҳа келажакдаги карьера режаларим ва кўникмаларимга мос эканлигини тушундим. Афсуски, менинг университетим (Жанубий Флорида университети) 2014 йил мустақил даража сифатида SCM дастурини таклиф қилмаган, аммо у маркетинг йўналиши билан боғланган эди. Шу туфайли маркетинг йўналишида таълим олдим. Сиёсатшунослик бўйича иккинчи даражам ҳақида шуни айтишим мумкинки, ўша пайтлар уни ўрганиш менинг шахсий иштиёқим бўлган.

Стратегик қарор эди

Мен учта асосий сабабга кўра, Далласдаги Техас университетида «Таъминот занжири бошқаруви» (SCM) бўйича магистрлик даражасини олишга қарор қилдим:

  • SCM STEM (фан, технология, муҳандислик ва математика) даражаси сифатида қаралади, яъни сиз ўқишни тугатганингиздан сўнг 3 йилгача АҚШда ишлаш ҳуқуқига эга бўласиз;
  • Олийгоҳ АҚШда ТОП-25 SCM дастурлари қаторига киради;
  • Иккита US Airlines штаб-квартираси Даллас Форт-Уэрт ҳудудида жойлашган – American Airlines вa Southwest Airlines (мен фуқаролик авиациясининг мухлисиман ва кўп йиллар давомида Boeing, Southwest Airlines каби компаниялардан бирида амалиёт ўташни орзу қилардим).

Умуман, Далласдаги Техас университетида SCM бўйича магистрлик даражасини олишим фақат стратегик қарор эди.

«Ҳаёт мактаби»га айланди

Хорижда таълим олиш дунёқарашингиз ўзгариши ва ўсишига ҳисса қўшадиган асосий омиллардан бири. Аввалига чет элда ўқиш ва кейин ишлаш менга шахс сифатидаги қадриятларимни қайта қуриш ва аниқлашга катта ёрдам берди. Гап қилаётган ишингиз ёки эга бўлган даражаларингиз ҳақида эмас, балки кўпроқ шахс сифатида кимлигингиз ва атрофингиздаги жамиятга қандай ҳисса қўшишингиз мумкинлиги ҳақида.

АҚШга келиш мен учун шунчаки расмий таълим олиш эмас, балки «ҳаёт мактаби»га айланди. Мен ёлғон гапирмайман, бу ерда яшаш осон эмас. Бирор нарсага эришиш учун сиз тонналаб интизом, чидамлилик ва меҳнатсеварликка кўп куч сарфлашингиз керак. Дунёқарашим ҳам шу омиллар таъсирида анча ўзгарди. Мен ҳозир аввалгидан кўра очиқ фикрли ва ўзига ишонадиган одамга айланганимга аминман.

Сузасиз ёки чўкиб кетасиз

Амазонда бизнес-таҳлилчи сифатида 1,5 йил ишладим. У ердан иш таклифини олишим учун деярли 3 йил давомида 117 та application тўлдиришимга тўғри келган.

Амазон нафақат АҚШда, балки бутун дунёдаги технологик жиҳатдан энг илғор ва муваффақиятли компаниялардан бири. Аммо унинг муваффақиятли бизнес модели ортида «Амазонияликлар» (Амазон ходимлари) бор.

Ходим сифатида сиздан нафақат ўзингиз маъсул ишни бажаришингиз, балки янада улкан натижаларга интилишингиз кутилади. Бизнес ритми жуда тез суръатда бўлиб, сизга қўшимча босим қўяди, аммо вақт ўтиши билан сиз бундай турдаги қийинчиликларни қандай қабул қилишни ва ундан максимал даражада фойдаланишни ўрганасиз. Ҳа, сиз ва тенгдошларингиз ўртасида доимий рақобат мавжуд. Шундай қилиб, сиз ё сузасиз, ёки чўкиб кетасиз.

6 ой олдин жамоага қўшилдим

Microsoft технология саноатида алоҳида нуфузга эга бўлиб, у Google, AWS (Amazon Web Services) вa Facebook (Meta) каби гигантлар билан кучли рақобатни сақлаб туради. Тахминан 6 ой олдин Microsoft жамоасига маҳсулот менежери сифатида қўшилдим. Мен Supply Chain Engineering жамоасида ишлайман, у ерда биз ички мижозларимизга (аппарат муҳандислари, завод менежерлари ва таклифни режалаштирувчилар)га бизнес разведкаси (BI) ечимларини яратишга кўмак берамиз.

Менинг вазифаларимдан бири бизнес операциялари гуруҳлари томонидан амалга оширилаётган жорий бизнес жараёнларини баҳолаш ва автоматлаштиришга ёрдам бериш.

Ҳар бир ролнинг ўзига хос томонлари бор

Ўтган йилларда мен официантликдан тортиб, корпоратив муҳитда 25 дан ортиқ ходимларни бошқаришгача бўлган турли ишларни бажарганман. Айтмоқчи бўлганим шуки, ҳар бир ролнинг паст ёки юқори мартабали бўлишидан қатъи назар, ўзига хос томонлари ҳам бор.

Мен АҚШда жойлашган компанияларнинг кучли томонларидан бошлайман. Бу ерда яхлитлик ҳар қандай компаниянинг асосий таркибий қисмларидан бири. Жараёнлар умуман тизимлаштирилган ва соддалаштирилган, шунинг учун ходимлар ўз ишларини қулай ҳис қилишади. Рақобатбардош иш ҳақи яна бир муҳим омилдир, айниқса сиз маълум бир соҳада юқори малакага эга бўлсангиз. Ишга қабул қилувчилар сизни ўзлари ёллаётган компанияга жалб қилиш учун жуда кўп ҳаракат қилишади, аммо бу ерда рақобат ҳам кучли.

Масалан, 2019 йил, Southwest Airlines авиакомпаниясида орзуимдаги стажировкага 2,5 йил давомида доимий равишда ариза топширганимдан сўнг эришганман. Кейин билдимки, Southwest Air 4800+ даъвогарлардан 87 нафари стажёрни танлаган. Агар биз ҳисоб-китоб қилсак, 1 ўрин учун 55 та номзод. Рақобат даражасини тасаввур қилаверинг.

Яна бир куч шундаки, бу ердаги компанияларда «янги ишга ёлланиш» учун мустаҳкам механизмлар мавжуд. Одатда, улар сизни тезлаштириш учун 1-2 ойгача машғулот вақтини беришади. Улар ўз ролингизни муваффақиятли бажаришингизга ёрдам берадиган етарли манбалар ва ўқиш материалларини тақдим этадилар. Бироқ, охир-оқибат, барчаси сизнинг шахсий саъй-ҳаракатларингиз ва ишингизни ўзлаштиришга тайёрлигингизга боғлиқ. Бу Парето моделига ўхшайди: ўрганишингиз ва келажакдаги муваффақиятингизнинг 20% и атрофдаги ҳамкасблар билан кузатиш, мулоқот қилишдан келиб чиқади ва 80% бўшлиқларни тўлдириш ва тўғри пойдевор қўйиш ўзингиз қилишингиз керак бўлган уй вазифасидир.

Танганинг иккинчи томонида ўзингизни маданий ёки руҳий жиҳатдан қулай ҳис қилиш ҳар доим ҳам осон эмас. Ҳеч бўлмаганда бу менинг тажрибамда кузатилган. Бу ерда иш берувчилар бизнес, аниқроғи фойдага йўналтирилган ва сизнинг шахсиятингиз ёки инсоний жиҳатларингизга камроқ эътибор беришади. Бу ёмон ёки яхши нарса эмас, лекин бу кўпроқ компанияларнинг бу ерда қандай ишлашининг хусусиятларидан биридир. Тарихимиз ва урф-одатларимиз туфайли кўпроқ «одамларга йўналтирилган» маданиятдан келганим учун иш қарашларимни қайта ўзгартиришим қийин кечган. Ўйлашимча, «Бу шахсий эмас – бу қатъий бизнес» ибораси фикримни тўлиқ ифодалайди.

Бирор нарсага эришиш учун кўп меҳнат қилишингиз керак

АҚШда саволингизни тавсифловчи атамадан фойдаланамиз – «иш ва ҳаёт мувозанати». Дарҳақиқат, менинг кўп вақтим ўқишга (айтмоқчи, бу тугамайдиган жараён) ва ўз карьерамни қуришга сарфланди. Янги мамлакатда чет эллик бўлиб, ҳаётингизни босқичма-босқич қуришни бошлашингиз мумкин бўлган тўғри замин яратиш жуда муҳим. Бу ерда яшаб, дўст деб атайдиган кўплаб ҳақиқий ва ақлли исонларни учратганимдан ўзимни жуда бахтиёр ҳис қиламан. Менинг дўстларим кўп миллатли жамоаларнинг вакиллари – бу менга бошқа маданиятлар билан танишишимга ва янада очиқ фикрли одам бўлишга имкон берди. Оила мен учун ҳар доим биринчи ўринда туради, лекин 17 ёшимдан бери ҳаёт мени ёлғиз яшашга мажбур қилди. Мен учун ўзига хос нарса – бу яқин оила аъзоларим ва бобом ва бувимни йилига камида бир марта кўриш.

Яна бир тушунган нарсам шундаки, сиз чет элда яшаётганингизда бирор нарсага эришиш учун бошқалардан каррасига кўп меҳнат қилишингиз керак.

Тўғри фикрлаш ва стратегия билан ҳамма нарсага эришиш мумкин

FedEх’даги собиқ менежерларимдан бири менга бир сафар айтган эди: «Эътиборингизни жараёнларга қаратинг ва натижа кейин бўлади». Ҳали ҳам бу маслаҳатни кундалик ишимда қўллайман. Қолаверса, мен тўғри фикрлаш ва стратегия билан ҳамма нарсага эришиш мумкинлигига қатъий ишонаман. Бу ноаниқ туюлиши мумкин, лекин сизнинг иш жойингиз қанчалик мураккаб бўлмасин, авиакомпания бош директорининг дастурий муҳандиси ёки фаррош бўлишингиздан қатъи назар, асосий юмшоқ кўникмалар муҳим ва ҳар қандай ролга – мулоқот, вақтни бошқариш ва фаоллик зарур. Бирор нарсани синаб кўришдан ва муваффақиятсизликдан қўрқманг, айнан муваффақиятсизликлар тўғри сабоқ беради. Яна агар сиз ўсишни истасангиз, ўзингизни «комфорт зона»дан чиқаришга тайёр бўлишингиз керак. Рўй бериши мумкин бўлган энг ёмон нарса – бу муваффақиятсизлик, бироқ бу жуда яхши тажриба.

Муваффақиятсизликлар ўсиб бораётган жараённинг бир қисми ва натижалар тўғри белгиланган бўлса, сизни муваффақиятли натижага олиб келади.

Лондон ёки Истанбул

Болаликдан авиацияси саноатига қизиқишим юқори. Шу йўналишда Лондон ёки Истанбул каби геолокацияларда ўзимни синаб кўриш режам бор.
Умуман, юрагимнинг туб-тубидан ватанимиз ва халқимизга хайрли амалларим билан имкон қадар кўпроқ ёрдам беришни хоҳлайман. Фикримча, бу биз келажакда гаплашишимиз мумкин бўлган бошқа ҳикоя бўлади.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг