Маймун клонлаштирилди. Навбат одамгами?
Хитойлик олимлар макака маймунлари жуфтлигини клонлаштириш йўли билан дунёга келтирдилар. Ҳозирда маймунчалар инкубаторда туппа-тузук яшашмоқда. Бу нимадан далолат? Наҳот илм-фан шу даражада ривожланиб, ҳар қандай жонзотни нотабиий йўл билан ярата олса? Энг қизиғи, бу усул одамда қўллаб кўрилса, нима бўлади?
Ҳозирча саволлар жуда кўп, аммо бу борадаги ютуқлар ҳам талайгина. Клонлаштириш йўли билан дунёга келган биринчи жонзот – Долли қўзичоғи туғилганига йигирма йилдан ошди, ўлиб кетганига ҳам ўн беш йил тўлди. Шу орада олимлар 23 хил жонзотни клонлаштирдилар. Аммо бу маймунчаларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, улар янги усулда – соматик ҳужайралар ядросини кўчириб ўтказиш йўли билан дунёга келтирилган. Олдинги, эмбрионни парчалаш усулидан фарқли равишда, назарий жиҳатдан бу усул орқали бир жонзот чекланмаган миқдорда клонлаштирилавериши мумкин. Яъни бундан иккита ўзига хос жиҳат қалқиб чиқади – клонлаш имкониятлари кескин ошди, гарчи горилла, шимпанзе сингари одамсимон бўлмаса-да, генетик жиҳатдан 93 фоиз ва шаклан одамга ўхшаш жонзот клонлаштирилди.
Хўш, энди одам ҳам клонлаштирилиши мумкинми? Яъни кимдир ўзи хоҳлаган пайтда, дейлик, ўлими олдидан ўзидан нусха қолдираверадими? Ҳозирча кўплаб давлатларда одамзод устида бундай амалиётларга тақиқ қўйилган. Маймунларни клонлаштирган хитойлик олимлар ҳам мақсадлари одам клони эмаслигини таъкидлашган. Клонлаштиришдан асл муддао тиббий тажрибалар, касалликларнинг олдини олиш, йўқолиб кетаётган жонзотларни сақлаб қолиш эканлиги эълон қилинган бўлса-да, инсоният барибир клонлаш масаласига жиддий қараши шарт.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter