Мактабларда ота-оналардан пул йиғиш ҳолатларига барҳам бериш бўйича петиция эълон қилинди
Шу йилнинг 20 апрель куни «Менинг фикрим» портали ишга туширилгани ҳақида хабар бергандик.
Орадан бир ҳафта ўтиб, порталда дастлабки онлайн-петициялар пайдо бўлди. Жумладан, «Мактабларда ўқувчилардан, уларнинг ота-оналаридан пул йиғиш ҳолатларига барҳам бериш ва бунга йўл қўйган шахсларга жавобгарлик белгилаш лозим» мавзусида мурожаат киритилган бўлиб, унда «ушбу салбий иллатга бугун барҳам берилмаса, келажакда болаларимиз мактабларда ўқиш ўрнига, айтилган маблағни етказа олмаганлиги учун ўқитувчи ва синфдошлари олдида изза бўлиши, бу эса уларнинг руҳий ҳолати ва ўқишига бўлган қизиқишининг сусайишига олиб келиши мумкин» мазмунида фикрлар илгани сурилган.
Мазкур онлайн-петиция айни дамда 70дан ортиқ овоз тўплашга муваффақ бўлди. Овоз бериш 90 кун давом этади. Мурожаат Олий Мажлис томонидан кўриб чиқилиши учун у камида 10 мингта овоз тўплаши керак. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгаши кўриб чиқиши учун эса — камида 5000 овоз, туман ва шаҳар кенгашлари учун — камида 1000 та овоз тўпланиши зарур.
«Менинг фикрим» порталида, шунингдек қуйидаги мурожаатлар ҳам жойлаштирилган:
- Бозорлар ҳисобидаги дўкон ва расталарни онлайн ижарага бериш ва электрон ҳисобга олиш тизимини жорий этиш лозим;
- Темир йўл вокзалларига кириб-чиқишни эркинлаштириш лозим;
- Аёллар ва эркаклар учун никоҳ ёшини бир хил этиб (18 ёш) белгилаш лозим.
- Якка тартибдаги тадбиркорлик фаолият турлари рўйхатига туризм соҳаси (мавсумий хизмат кўрсатиш)ни киритиш керак.
Аввалроқ, «Менинг фикрим» порталига онлайн-мурожаатлар йўллаш шартлари ва талаблари ҳақида тўхталиб ўтгандик.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter