Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кореяликлар кўмагида Урганчда IT марказ очилди

Кореяликлар кўмагида Урганчда IT марказ очилди

Бугун, 16 феврал куни Корея Республикаси Ички ишлар ва хавфсизлик вазири ўринбосари Ко Кю Чанг бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикасига хизмат сафари доирасида IT Паркнинг Урганч филиалига борди ва Инкубация марказининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов ва Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов қатнашди.

IT Парк Урганч филиалида маҳаллий «айти» компаниялар учун барча шароитлар яратилган бўлиб, унда юқори тезликдаги интернет алоқа ва замонавий компютер техникаси билан жиҳозланган офислар, коворкинг маркази ташкил этилган. Ҳозирги кунда филиалда 9 нафар резидент фаолият кўрсатади ва 40 га яқин стартап лойиҳалар амалга оширилмоқда. Улардан 5 таси молиялаштирилган.

Айни вақтга келиб, IT Парк Урганч филиали қошида 13 та Рақамли технологиялар ўқув маркази, 13 та IT мактаб ҳамда BPO йўналиши бўйича мактаб фаолият кўрсатмоқда. IT Парк томонидан амалга оширилаётган йирик IT лойиҳалардан бири – «Бир миллион дастурчи» доирасида Хоразм вилоятида жами 300 мингдан ортиқ тингловчилар таҳсил олиб, улардан 270 минг нафари курсларни муваффақиятли тамомлаб, сертификатларни қўлга киритишди.

Шунингдек, бугун IT Парк Урганч филиали қошида Инкубация марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур марказни очишдан мақсад – маҳаллий ёшлар учун ўз стартап ғоя ва бизнес лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга барча шароитларни яратишдан иборат. Мазкур марказ зарур жиҳозлар ва компютер ускуналари, яъни ноутбук, интерактив доскалар, мультимедия проекторлар, принтерлар ва бошқа қўшимча жиҳозлар билан жиҳозланган.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Шерматов бугунги кунда Корея Республикаси билан кенг қамровли икки томонлама ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганлигини, бошқа соҳалар каби ахборот-коммуникация технологиялари йўналишида ҳам ишлар жадал суъратларда олиб борилаётгани, IT Паркнинг Урганч филиали қошида Инкубация марказининг очилиши ҳам ана шундай ҳамкорликнинг самараси эканлигини алоҳида таъкидлади.

«Замонавий математика ва ахборот-коммуникация технологияларига асос солган буюк олим Муҳаммад ал-Хоразмий ватанида кореялик ҳамкорлар кўмагида илк IT марказлардан бири очилаётгани ғоят рамзий маънога эга. Давлатимиз раҳбари Корея Республикасига давлат ташрифи чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги шерикликни янги босқичга кўтариш бўйича кўрсатмалар берди. Мазкур марказнинг очилиши эса ана шу ғояларнинг амалий тимсолидир» – деди АКТ вазири Ш.Шерматов.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Корея Республикасининг Давлат бошқаруви ва хавфсизлик вазирлиги ўртасида электрон ҳукуматни янада ривожлантириш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги ўзаро Англашув меморандуми имзоланган. Мазкур меморандумга мувофиқ, IT Парк филиалларининг 4 та ҳудудда ташкил этилаётган IT ўқув марказларини зарур компютер техникалари ва бошқа қурилмалар билан техник жиҳозлаш учун молиявий қўллаб-қувватланиши кўзда тутилган.

Учрашув давомида «Techbika» лойиҳаси иштирокчиларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Шунингдек, тадбир қатнашчилари IT Паркнинг Урганч филиали резидентлари томонидан ишлаб чиқилган стартап лойиҳалари билан танишди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг