«Ucell» қачон ўзбекча гапиради?». Компания вакили аниқлик киритди
Сайтимизда «Ucell» қачон ўзбекча гапиради?» сарлавҳали мақола берилган эди. Унда муаллиф компания SMS-хабарини ўз мижозларига фақат инглиз тилида жўнатаётгани билан қизиққан. Шунингдек, бу уяли алоқа компаниясининг мижозлари ўз балансларини текширганда ҳам, интернет пакетларнинг қолдиқларини текширганда ҳам, USSD кодлар орқали олинадиган турли хабарларнинг аксарияти инглиз тилида келиши кузатилган.
«Бу компания ўз мижозларига жўнатадиган ҳар бир SMS хабарини ўзбек тилида йўллаб, орқасидан рус ва инглиз тилларида ҳам жўнатса, асло қаршилигим йўқ. Аксинча, буни қўллаб-қувватлайман. Аммо мамлакатимизда давлат тили ўзбек тили бўлгани ҳолда бу компания муҳим хабарларни фақат инглиз тилида жўнатишини оқлаб бўлмайди», таъкидлайди муаллиф.
Ушбу саволларга аниқлик киритиш мақсадида ҳамда бу масала «Ucell»нинг бошқа мижозларини ҳам қийнаётган бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиб, компания оператори билан боғландик.
— Аксарият «Ucell» мижозлари USSD ва SMS хабарларини қабул қилишда тил билан боғлиқ муаммога дуч келишаётган экан. Бу нима билан боғлиқ?
— «Ucell»да «тилни танлаш» хизмати ишга туширилган. Унга кўра компаниянинг барча хизматларидан мижозлар ўзларига қулай бўлган тилда фойдаланиши мумкин. Хизмат орқали USSD ва SMS хабарларни қабул қилишда тилни танлаш имкони бор.
Мижозлар ўзларига қулай тилни танлаш учун *220# рақамига USSD сўров юборишлари лозим. Сўров юборилгандан сўнг қуйидаги амалларни бажариш таклиф этилади:
- Ҳозирги вақтда сизда ўрнатилган тилни аниқлаш учун – 1 рақами билан жавоб қайтариш;
- Хабарлар тилини алмаштириш учун – 2 рақами билан жавоб қайтариш.
Хизмат бепул тақдим этилади ва тилни бир кунда фақат 3 бора ўзгартириш мумкин.
Шунингдек, тилни танлаш ва ўзгартириш учун мижозлар бизнинг «Call Center»имизга 8123 («Ucell» рақамидан) ёки +998 (93) 180 00 00 телефон рақамларига қўнғироқ қилиб, паспорт маълумотларини айтишса, ўзимиз USSD ва SMS хабарларни қабул қилиш тилини ўзгартириб қўйишимиз мумкин.
— Умуман, нима сабабдан айрим мижозларга SMS хабарлар инглиз тилида боради?
— Қачондир созламаларда шу тилда USSD ва SMS хабарларни қабул қилиш танланган бўлиши мумкин.
— Компания хизматларига янги уланган мижозга USSD ва SMS хабарлар қайси тилда юборилади?
— Агар «тилни танлаш» хизмати орқали созламалар амалга оширилмаган бўлса, асосан ўзбек тилида хабарлар жўнатилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter