Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ислом Каримов ишлатган телефон, илк телевизор, маркалар коллекцияси — Келинг, музейга борамиз!

Ислом Каримов ишлатган телефон, илк телевизор, маркалар коллекцияси — Келинг, музейга борамиз!

Фото: «Xabar.uz»

Музей тарих ва бугунни бирлаштирувчи, илм ўрганиш ва ўтмишга саёҳатга чорловчи жой. Дам олиш кунини сифатли ўтказиб, ҳам билим олиб, ҳам ҳордиқ чиқармоқчи бўлсангиз, албатта, музейга боринг.

«Xabar.uz» Тошкент музейлари фаолияти, экспонатлари ҳақида фото ва мақолалар бериб боришни мақсад қилди. Илк саёҳатни Алоқа тарихи музейидан бошладик.

Номидан ҳам маълум, музей алоқа соҳасининг ривожланиш тарихига бағишланган.

Манзил:  Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси 28а.

Кириш бепул.

Иш вақти: 09:00 дан 18:00 гача.

Тушлик: 13:00 дан 14:00 гача.

Дам олиш куни: якшанба.

Тўлиқ айланиш учун: 40 дақиқадан 2 соатгача вақт сарфланади.

 – Музейимиз 2009 йилда иш бошлаган, – дейди музей директори Ўроқ Тўхтаев. – Мавзу жиҳатидан алоқа соҳасининг турлари: почта, телеграф, телефон, радиоалоқа, радиоэшиттириш, телевидение, мобил алоқа, замонавий алоқа технологияларининг тарихи каби бўлимларга ажратилган. Музейга алоқа корхоналари томонидан соҳага оид экспонатлар, шахсий коллекциялардан кўплаб экспонатлар тақдим этилган. Ҳозирда улар сони 18 минг 600 дан зиёд. Бизда барча хизматлар бепул. Экскурсоводларимиз гуруҳ бўлиб келганларга ҳам, бир нафар меҳмонга ҳам бир хилда хизмат кўрсатади.


Бизга ҳамроҳлик қилган музей ходими Нафиса Саидова ҳам экскурсия давомида буни исботлади. Бир ходим фақат сиз учун уч қаватли бинони айланиб, ҳар бир экспонат ҳақида маълумот бериб борса, ишчи ҳолатдаги экспонатларни ишлатиб кўрсатса, саволларингизга эринмай жавоб берса, сиз эса бу хизматлар учун ҳеч қандай ҳақ тўламасангиз, ҳатто бироз ноқулай ҳам бўлар экан.

Музейнинг биринчи қаватида, мусиқа ва ахборот сақловчи воситалар, почта алоқаси, телефон, телеграф ва радио алоқа воситалари, телевидение каби бўлимлар мавжуд. Биз ҳозир буларнинг барчаси битта мобил телефонида мавжуд бўлган замонда яшаяпмиз. Граммофон, фонограф, патефон, пластинка кабиларни 30 ёшдан кичик авлод кўрмагандир ҳам.

Граммофон. 1930 йил

Масалан, 1990 йилларда Юлдуз Усмонованинг «Сен мени ишонтир...» деб номланган пластинкаси кўплаб ўзбек хонадонларига кириб борган. Суратини кўришингиз билан уни танийсиз. Ёки ҳозир ҳам ишчи ҳолатида бўлган граммофондан мусиқа эшитиш кўпчиликка қизиқ бўлса керак.

—  Содда қилиб, бу «Фестиваль» русумли пультли радио 1958 йилда ишлаб чиқарилган десак, кўпчилик меҳмонлар «пультли?!» дея қайта сўрайди. Иккинчи Жаҳон урушидан ногирон бўлиб қайтганларга кўпроқ асқотган радиоқабулқилгич ростдан ҳам беш метр масофадан пульти ёрдамида бошқарилган, —  дейди Нафиса Саидова.

—  Алоқа музейига қайси ёшдагилар кўпроқ келишади?

—  Кўпинча мактаб ўқувчилари, алоқа соҳасида таълим олаётган талабалар туристлар келишади Оилавий фарзандлари билан келадиганлар ҳам йўқ эмас. Ҳатто қайта-қайта келадиганлар бор.

—  Қайси экспонат меҳмонларда кўпроқ қизиқиш уйғотади?

— Биринчи президент Ислом Каримов ишлатган мобиль телефонини кўпроқ сўрашади. Биринчи телевизор ҳам қизиқ кўпчиликка. Граммофондан мусиқа қўйиб берсак, зерикиб турган болалар ҳам тинчиб, эшитишади.

Ушбу телефон аппаратида биринчи президент Ислом Каримов 1992 йил 26 август куни Ўзбекистон алоқа тарихида биринчи марта мобил телефон алоқани амалга оширган

—  Меҳмонлар қизиқ саволлар ҳам беришса керак, а?

— Томошабинлар ҳар хил бўлади. Кимдир билан 30-40 дақиқа ичида бутун музейни айланиб тугатасиз. Бирор савол бермай, тез-тез айланади чунки. Айримлар учун 2-3 соат ҳам камлик қилади, ҳар хил саволлар беради. Меҳмонларнинг саволлари орқали ўз устимизда ишлаб, ўзимиз ҳам кўп нарса ўрганиб борамиз. Масалан, энди ишга кирган вақтларим эди. Бир меҳмон хат ташувчи кабутарлар қандай қилиб манзилни топиб боргани ҳақида сўради. Жавобини билмай, ўзим ҳам бунга қизиқиб қолдим. Кейин ўқиб кўрсам, кабутарлар дон еган жойини эслаб қоларкан. Дон бериб, қайта-қайта учириб, бир йўналиш бўйича хат ташишга ўргатилгач, уларнинг оёғига хат боғлаб учирилар экан.

Халқаро алоқа бўйича энг яхши телефонист У. Рахматуллаева Наманган вилояти Чуст туманидаги янги алоқа уйида, 1980 йил, 28 апрел.

Алоқа тарихи музейи Ўзбекистон давлат почта маркаларининг сақловчиси ҳам ҳисобланади. Музейнинг учинчи қаватида Ўзбекистон маркалари кўргазмаси жойлашган. 1992 йилда «Ўзбекистон маркаси» нашриёт маркази ташкил этилиб, ўша йилнинг 7 май куни мамлакатнинг энг биринчи почта маркаси чиқарилган. Ушбу почта маркаси – ўзбек халқининг машҳур шоираси Нодирабегим таваллудининг 200 йиллигига бағишланади. Кўргазмада 30 йил мобайнида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган флора, фауна, тарихий обидалар, санъат ва маданият туркумидаги ҳамда ўзбек алломалари юбилейларига бағишланган маркаларни узоқ томоша қилиш мумкин. 

Мамлакатимиз тарихидаги биринчи почта маркаси. Нодирабегим. 1992 йил.

Алоқа тарихи музейи ҳақиқатан ҳам қизиқ ва ранг-баранг экспонатларга бой. Музейга фарзандларингиз ва ота-оналарингиз билан боришга ҳаракат қилинг. Катта ёшлилар қачонлардир кўрган-ишлатган техникалари ҳақида эслаб, сўзлаб беришлари ва бу саёҳат болаларга ҳам, катталарга ҳам бирдек мароқли бўлиши аниқ.

Агар Сизда ҳам алоқа соҳасига доир тарихий буюмлар бўлса, уни минглаб томошабинлар кўриши учун музейга совға қилишингиз мумкин.

Телевизор
Телеграф аппарати.
Телефон аппарати. ХХ аср боши.
Шахсий коллекциядан.

Видеомагнитофон.
Фестивал русумли радиоқабулқилгич ва унинг пульти. 1958 йил

Дилроз Абраева,
Xabar.uz мухбири

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг