Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

IBM компанияси Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида инновацион марказ ташкил этиши мумкин

IBM компанияси Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида инновацион марказ ташкил этиши мумкин

IBM делегацияcи.

Фото: «Inha.uz»

IBM компаниясининг МДҲ давлатларида бизнесни ривожлантириш бўйича минтақавий директори Борис Мартинов, IBMнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ўктам Иргашев ва IBMнинг сервис бўйича маслаҳатчиси Александр Костиндан иборат делегация Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ташриф буюрди.

2017 йилнинг октябр ойида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда IBM компанияси Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиёт ташаббуси, давлат бошқаруви ва ижтимоий соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ўзаро англашув меморандумини имзолашганди. Мазкур ҳужжат доирасида IBM компанияси билан таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш режалаштирилган.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ташриф давомида IBM делегацияси ахборот технологиялари соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаси фаолияти, шунингдек, талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишишди.

Шунингдек, IBM вакиллари “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация маркази тўғрисида маълумот олишди.

Учрашув давомида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва IBM компанияси вакиллари IBM ўқув дастурлари асосида Ўзбекистон ёшларини ўқитиш бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди.

Борис Мартиновнинг қайд қилишича,  IBM компанияси турли хил тижорат ечимларини татбиқ этиш билан бирга, талабалар ва ўқитувчилар билан ишлашга ҳам жиддий эътибор қаратади. У АКТ вазирлиги ва IBM компанияси ўртасида имзоланган меморандум доирасида бир қатор инновация марказларини, жумладан, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ҳам шундай марказ ташкил этиш таклиф этилганлигини қайд этиб ўтди.

Музокаралар давомида томонлар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг