Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Huawei ва Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази меморандум имзолади

Huawei ва Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази меморандум имзолади

2022 йил 23 май куни Ўзбекистондаги Huawei компанияси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ўртасида электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини самарали татбиқ этишда ҳамкорлик қилишга қаратилган англашув меморандуми имзоланди.

Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги бош директори жаноб Чен Сзякай ва Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази директори Азиз Муҳитдинов ўртасида электрон ҳукуматни ривожлантириш ва рақамли иқтисодиётни шакллантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда, шунингдек, консалтинг ёрдамини кўрсатиш, тажриба алмашиш ва соҳа мутахассисларини ўқитиш режалари ҳам муҳокама қилинди.

«Марказимиз фаолиятининг асосий йўналиши зарур инфратузилмани яратиш ва электрон ҳукуматнинг тўлақонли ишлаши учун ягона технологик ёндашувни ишлаб чиқишдан иборат бўлиб, бу аҳоли учун давлат хизматларини рақамлаштириш жараёнини тезлаштиради. Huawei компанияси билан булутли технологияларни жорий этиш бўйича илғор тажриба ва билим алмашиш электрон хизматлар кўрсатиш усулларини ўз вақтида ишлаб чиқиш, шунингдек, мамлакатимизда IT-ходимларининг малакасини оширишга хизмат қилади», — деди Азиз Муҳитдинов.

«Huawei алоқа тармоқларини қуриш бўйича 30 йиллик тажрибага эга. Шунингдек, маълумотлар марказларини қуриш йўналишида ҳам катта тажрибага эгалик қилади. Ўзбекистонда рақамлаштириш жараёни жадал олиб борилаётганини ҳисобга олсак, ўз-ўзидан маълумотлар ҳажми жуда тез ўсиб боради ва уларни сақлаш технологиялари ҳамда юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёж янада ортади. Компаниямиз Марказ лойиҳаларини амалга оширишни қўллаб-қувватлашга, шунингдек, электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётни комплекс ривожлантиришни таъминлаш учун соҳа мутахассисларини ўқитиш ва маслаҳат беришга тўлиқ тайёр», — деди Чен Сзякай.

Музокаралар якунига кўра, Huawei ва Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди, унда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича кейинги режалар белгилаб олинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг