Huawei Ўзбекистонда танлов ўтказди

Huawei компанияси Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети билан ҳамкорликда «Ўзбекистон АКТ-шарҳловчиси» танловини ўтказди.
23 декабр куни Huawei офисида танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда лойиҳа иштирокчилари ва ғолиблари, ҳакамлар ҳайъати ҳамда Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети раҳбарияти иштирок этди.
Танловга 15 октябр куни старт берилган эди. Huawei компанияси ва университет ушбу танлов орқали мамлакатда IT-журналистикасини ривожлантиришга тажрибали ва бўлажак журналистлар ҳамда мутахассисларни жалб этишни мақсад қилган.
Икки ой давомида лойиҳа иштирокчилари Ўзбекистонни рақамлаштириш, 5G технологиялари, булутли технологиялар, сунъий интеллект ва «ақлли шаҳар» концепцияси мавзусида мақола ва иншо ёздилар. Якуний вазифа Huawei мутахассисларидан интервью олиш асносида «Рақамли иқтисодиёт» масалаларини ёритиш бўлди. Финал доирасида танлов иштирокчилари компаниянинг шоу-румига ташриф буюришди ва у ерда мамлакатни рақамлаштириш учун татбиқ этиладиган технологик ечимлар билан батафсил танишдилар.
Финалчиларнинг ишларини баҳолаш натижаларига кўра тўртта иштирокчи лойиҳанинг ғолибига айланди:
3-ўрин: Камола Махмудходжаева
2-ўрин: Дилшодахон Олимова
1 чи фахрли ўринни Дилшодбек Асқаров ва Жалолиддин Мирзаев ўзаро бўлишишди.
Қизиғи шундаки биринчи ўрин баллар тўплами бўйича бир хил натижага эга бўлган икки ижодкор ўртасида тенг тақсимланди. Улардан бири Жалолиддин Мирзаев, шундай фикр билдирди: «Бу шунчаки танлов эмас, яхшигина тажриба бўлди. Бир неча ой давомида мақолалар ёздим, видеолавҳа тайёрладим, изландим. Муҳими рақамли иқтисодиёт нима эканлигини ўзим тушуниб етдим. Буларни энди аҳолига ва томошабинларга содда, тушунарли тилда етказа оламан, деб ўйлайман. Танловда ниманидир ўрганганим бу — лойиҳа кўзланган мақсадга эришганини билдиради. Яна бир факт, танлов жараёнлари давомида Huawei компанияси билан ҳамкорликда биринчи АКТ ток-шоусини тайёрлаш ғояси пайдо бўлди. Шундай экан, кўрсатувни MY5 телеканали эфирларида кутинг».
«Танлов ўтказилган икки ой давомида АКТ соҳасидаги билимларим янада бойиди, жуда кўп билмаганларимни билиб олдим. Бундан ташқари, яна бир нарсага гувоҳ бўлдимки, IT -журналистикасида ўзбек тилидаги ахборот жуда кам экан. Ахборот технологиялари соҳасини улкан океанга қиёсласак, биздаги манбалар бир томчидек. Шу боис, мазкур йўналиш бўйича алоҳида портал ташкил этиб, етакчи мутахассислар ва журналистлар иштирокида иш олиб борилса, кенг оммага янада кўпроқ маълумот ва тушунчалар берилган бўларди. Huawei ҳамда Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига яна бир бор миннатдорчилик билдираман», — дея фикрини изоҳлади танлов ғолибларидан бири бўлмиш Дилшод Асқаров.
«Huawei Ўзбекистонда шу каби танловни олдин ҳам вилоят журналистлари ўртасида ўтказган ва лойиҳа ғолиблари компаниянинг Хитойдаги бош қароргоҳига ташриф буюрганди. Бу йил биз IT-журналистикасини ёшлар, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг нуфузли вакиллари орасида тарғиб этишни давом эттиришга қарор қилдик. Танлов иштирокчилари мақолани ёзиш жараёнида материалларни ўрганишга вақт ажратгани ва технологик ривожланишнинг аҳамиятини барча учун тушунарли тилда шакллантирганидан хурсандмиз», — дея таъкидлади компаниянинг корпоратив алоқалар бўлими раҳбари Даврон Азизов.
Huawei компанияси келажак касби сифатида ахборот технологияларини танлаган истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратади. Шунингдек оммавий ахборот воситалари вакилларини ахборот технологиялари интеграцияси билан боғлиқ муаммоларни тез-тез кўтаришга ундайди. Ушбу тажриба Ўзбекистон халқига инновациялар асосида яратилган қадриятлар тўғрисида кўпроқ маълумот олишга ёрдам бериши, давлат органларини рақамли трансформацияга ўтишга тайёр бўлишга чақириши мумкин.
Рақамли иқтисодиёт дастурини амалга оширишнинг муваффақияти, кучли АКТ инфратузилмаси билан бир қаторда, аҳолининг рақамли саводхонлиги даражаси ва аҳолининг рақамлаштиришга тайёрлиги билан ҳам белгиланади. Бунда оммавий ахборот воситаларининг ўрни жуда муҳим бўлиб, юқори технологияли инновациялар ҳақидаги оддий ҳақиқатни тушунарли тилда етказиш мамлакат аҳолисининг турмуш сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter