Google Maps мафия аъзосини тутишда ёрдам берди
Испанияда яшириниб юрган италян мафияси аъзоси Жоаккино Гаммино қўлга олинди. Бу ҳақда ВВС хабар берди.
61 ёшли мафиози Галапагар шаҳрида Мануэл исми остида яширинча яшаб юрган. Кунларнинг бирида озиқ-овқат дўкони олдида турган, Гамминога ўхшаб кетадиган одамнинг сурати Google Street Viewда пайдо бўлади...
Гаммино Рим қамоқхонасидан 2002 йилда қочиб кетган. У одам ўлдиргани учун бир умрга озодликдан маҳрум этилганди. Жоаккино Гаммино «Stidda» номли Сицилия мафия тўдаси аъзоси бўлган, Италияда энг кўп қидирилаётган гангстерлардан саналган.
Гаммино, Сицилия полицияси тахмин қилганидек, Испанияга қочгани маълум бўлди, бироқ айнан Google Mapsдаги сурат унинг изидан тушишда муҳим роль ўйнади.
Қидирувни бошлаган полиция сурат туширилган жойга яқин жойлашган Cocina de Manu ёпиқ ресторанининг «Facebook»даги саҳифаси орқали Гамминонинг шахсини аниқлади. У ерда бош ошпаз кийимида суратга тушган Гамминони иягидаги чандиғидан танишди. Ресторанда сицилияча овқатлар тайёрланган.
Ҳибсга олинганидан сўнг Гаммино полицияга шундай савол берган: «Мени қандай топдингиз? Ҳатто оилам билан ҳам ўн йилдан бери қўнғироқлашганим йўқ».
Гаммино Испанияда ҳибсда сақланмоқда. Италия полицияси қиш охиригача уни ортга қайтармоқчи.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter