Фарҳод Ибрагимов: «Австрия, Италия, Россия ва бошқа давлатлар вакиллари «Mirzo Ulugbek Innovation Center» тажрибасига қизиқиб қолишди»
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) штаб-квартирасида 26-Иқтисодий ва экологик форум доирасида биринчи тайёргарлик учрашуви бўлиб ўтмоқда. Форумнинг мавзуси: «ЕХҲТга аъзо мамлакатларда инновациялар, инсон капитали, корпоратив бошқарув ва ижтимоий манфаатларни ривожлантириш орқали иқтисодий тараққиётда силжиш ва хавфсизликка эришиш».
Форумга 60 мамлакатдан вакиллар келган. Қатнашчилар орасида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва «Mirzo Ulugbek Innovation Center» (MUIC) вакиллари ҳам бор.
«Мен АКТ вазирлиги ва «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш марказидаги ҳамкасбларим қаторида Ўзбекистон, унинг инвестициявий салоҳияти ва сўнгги йилларда эришган ютуқлари, жумладан, АКТ соҳасидаги натижаларини тақдим этиш шарафига муяссар бўлдим, — деб ёзади «Фейсбук»даги саҳифасига «Mirzo Ulugbek Innovation Center» директори Фарҳод Ибрагимов. — Ўз тақдимотимда MUIC, фаолият йўналишларимиз, қўйилган бу вазифаларни уддалаш учун давлатимиз яратиб берган шарт-шароитлар ҳақида батафсил сўзлаб бердим. Сессия раиси, Австриянинг ЕХҲТдаги доимий миссияси ваколатли вазири жаноб Андреас Штадлер мамлакатимизнинг ва АКТ соҳамизнинг юқори суръатларда ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади».
Фарҳод Ибрагимовнинг қайд этишича, тақдимот якунлангач, кўплаб делегатлар марказни ташкил этиш тажрибасига қизиқиш билдиришди. «Мен Австрия, Италия, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон вакиллари билан мулоқотда бўлдим. Айниқса, инвестициявий жозибадорликни ошириш инфратузилмасини яратиш учун мамлакатимиз раҳбарияти амалга ошираётган ишлар уларда катта таассурот қолдирди», — деб ёзган MUIC директори.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter