Facebook маъмурияти президент расмий саҳифасига қўйилган постни ўчириб ташлади
Facebook АҚШ президенти Дональд Трампнинг расмий саҳифасида жойланган постни ўчириб ташлади. Ижтимоий тармоқ Оқ уй етакчиси постини сохта маълумот деб малакалаган.
Ўчириб ташланган пост орқали президент Трампнинг «Fox & Friends» дастурига берган интервьюсидан парча тақдим этилган. Fox News телеканали эфирида намойиш этилган телефон орқали суҳбатда АҚШ президенти мамлакатдаги мактабларни тезроқ очиш ҳамда машғулотларни қайта бошлаш лозимлигини уқтиради. Трампга кўра, болалар коронавирусга қарши кучли иммунитетга эга ва ота-оналарнинг касалликдан хавотири асоссиздир.
«Фикримга қандай муносабат бўласиз – билмадим, аммо мен болаларнинг иммун тизими биз катталардан кучлироқ деб ҳисоблайман. Айниқса, (коронавирус) борасида. (Болаларда) бу бўйича муаммо бўлмайди» дея ишонч билан мулоҳаза юритган Д.Трамп.
Facebook маъмурияти соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассисларига таяниб «айрим инсонлар гуруҳи коронавирусдан иммунитетга эга» деган хулосани ёлғон маълумот деб баҳолаган. Ижтимоий тармоқ маъмурияти постнинг ўчириб ташлангани дезинформацияга қарши кураш чораси эканини урғулаган.
Ушбу видеолавҳа Трамп сайловолди штабининг Twitter микроблогидаги расмий саҳифасида ҳам чоп этилган эди. Twitter маъмурияти Facebook раҳбариятидан ҳам кескинроқ чора қўллаган: сайловолди штаб ўз саҳифасига янги маълумот киритиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Компания вакили Лиз Келлига кўра, коронавирусга доир ёлғон маълумот ўчирилса, президент штабига янги ахборот киритиш ҳуқуқи қайта тақдим этилиши мумкин.
Президент Д.Трамп ҳамда етакчи ижтимоий тармоқлар, хусусан, Twitter ўртасидаги зиддият бир неча ойдан буён давом этмоқда.
Аввалроқ Д.Трамп Twitter тармоғидаги саҳифасида Калифорния штатида почта орқали овоз бериш жараёнида алдовга қўл урилгани ҳақида ёзув қолдирган. Ижтимоий тармоқ президентнинг қайдларини «ишончсиз ахборот» деб баҳолаган.
Twitter маъмурияти, шунингдек, Д.Трамп томонидан Миннеаполисдаги норозилик намойишлари юзасидан берилган баёнотга (Оқ уй раҳбари мародёрлик қилганлар ўққа тутилиши мумкинлигига ишора қилган) зўравонликни оқлаш дея эътироз билдирган.
Аввал хабар берганимиздек, ўтган ҳафта Twitter маъмурияти АҚШ президенти Дональд Трампнинг ўғли – кичик Дональд Трампнинг саҳифасини блоклади. Оқ уй етакчисининг ўғли ҳам нотўғри ахборот тарқатишда айбланди.
5 миллиондан зиёд обуначига эга кичик Дональд Трамп ўз саҳифасида коронавирусни гидроксихлорохин препарати ёрдамида даволаш cамарадорлиги хусусида видеолавҳа эълон қилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра эса, COVID-19га чалинган беморларни даволашда гидроксихлорохин воситасидан антибиотиклар билан биргаликда фойдаланиш ўлим хавфини оширади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter