Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Елизавета Шиллер: «Ўзбеклар мен каби юз минглаб уруш жабрдийдаларига қайноқ бағридан жой берган» (фото + видео)

Елизавета Шиллер: «Ўзбеклар мен каби юз минглаб уруш жабрдийдаларига қайноқ бағридан жой берган» (фото + видео)

Елизавета Шиллер.

Фото: «Xabar.uz»

Эҳтирому эъзоздан одамнинг кўнгли тоғ янглиғ кўтарилади, меҳр ва қадрдан умрига умр қўшилиб, қувончдан кенг оламга сиғмай қолади. Шу кунларда Олмалиқ туманлараро почта алоқаси тармоғининг 5-алоқа бўлимида 30 йил почтачилик қилган уруш фахрийси Елизавета Шиллернинг мўъжазгина хонадони шогирдлари, ҳамкасблари билан ҳар қачонгидан гавжум.

9 май — Хотира ва Қадрлаш куни арафасида онахонни йўқлаб келувчилар янада кўпайди. Болалигининг энг шодон, қувончли кунларини асирликда, фашистларнинг концлагерида ўтказган Елизавета Михайловна учун бу дориломон кунларнинг қадри ўзгача. Онахон эҳтирому ҳурматдан сармаст. Етимликда вояга етиб, ўз ҳаётини мустақил қуришга одатланган, бахтини Ўзбекистондан топган аёл учун соҳа вакилларининг ташрифи ҳар гал байрамга айланиб кетади. Бу гал ҳам шундай бўлди.

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедхаджаев, Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий  коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Асрор Ишанходжаев ҳамда бир гуруҳ соҳа ходимларининг келишидан онахон яйраб кетди.

— Меҳрни шу юртдан топдим, — деди Елизавета Шиллер қувонч билан. — Ўзбеклар менга ўхшаш юз минглаб уруш жабрдийдаларига қайноқ бағридан жой беришди. Буни унутиб бўладими? Йўқ, асло! Давлатимиз, шахсан Президентимизнинг биз уруш ва меҳнат фахрийларига кўрсатаётган ғамхўрликларини айтмайсизми? Ҳамкасбларимизнинг илтифотларидан бошим осмонда. Ҳамма-ҳаммаларингиздан миннатдорман.

— Сиз каби фахрийларнинг иш тажрибаларингиз, маслаҳатларингиз соҳа ривожи учун жуда муҳим, — деди Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедхаджаев. — Соҳа меҳнат жамоалари номидан Алоқачиларнинг касб байрами ҳамда 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни билан чин қалбимдан табриклайман, хонадонингизга тинчлик-хотиржамлик тилайман. Доимо соғ-саломат бўлинг.

Самимий ва дилкаш суҳбатдан сўнг соҳа раҳбари Елизавета Шиллерга совға-саломлар, анвойи гулларни тақдим қилди.

Шу куни ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида узоқ йиллар ишлаб нафақага чиққан бир гуруҳ Иккинчи жаҳон уруш фахрийларига ана шундай иззату икром кўрсатилди.

Абдуғани Абдураҳмонов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг