Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Электрон ҳукумат: 2021 йилда сиз кутган онлайн хизматлар тақдим этилади (видео)

Электрон ҳукумат: 2021 йилда сиз кутган онлайн хизматлар тақдим этилади (видео)

Фото: «Xabar.uz»

Электрон давлат хизматларини кўрсатиш Ўзбекистонда жадаллик билан ривожлантирилмоқда. Онлайн хизматларнинг иқтисодиёт ва жамият ҳаётидаги ўрни нақадар муҳим ва зурурлиги, айниқса, пандемия шароитида яна бир бор исботини топди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган мурожаатномасида ушбу соҳадаги ишлар ҳам эътибордан четда қолмади. Давлат раҳбари бу борада реал муаммолар мавжудлигини, аҳолининг оғирини енгил қилиш ўрнига, кераксиз қоғозбозликлар ҳамон давом этаётганини таъкидлади:

«Давлат бошқаруви идоралари фаолиятини тубдан такомиллаштириш талаб қилинади. Кўпгина вазирлик ва идоралар фаолиятида қарор қабул қилиш ҳаддан ташқари марказлашган. Ҳамма ҳокимлар, вазирлар, бошқа-бошқа ташкилотлар қоғоз билан мажлисни қанча қисқартирса, шунча натижа кўп бўлади.

Яна бир жиддий камчилик шуки, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳисобидан ходимлар сонини ва иш жараёнларини  оптималлаштириш чоралари кўрилмаяпти. Шунинг учун келгуси йил охирига қадар электрон давлат хизматларини 60 тага кўпайтириб, 300 тага, масофавий хизматлар улушини эса камида 60 фоизга етказишимиз зарур».

Давлат хизматларини ривожлантириш Рақамли иқтисодиёт ва Электрон ҳукуматни кенг жорий этиш билан боғлиқ жараён. Шундан келиб чиқиб, ўтган икки-уч йил давомида Электрон ҳукуматни ривожлантириш борасида анча-мунча ижобий натижаларга эришилди.

Хусусан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП)да ишга туширилган электрон хизматлар сони 2019 йилда — 173 тани, 2020 йилда — 218 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилда уларнинг сонини 278 тага етказиш режалаштирилган.

Шунга мос тарзда кўрсатилган хизматлар сонида ҳам ўсиш тенденцияси кузатилди:

  • 2018 йилда — 2,4 млн.
  • 2019 йилда — 5,8 млн.
  • 2020 йилда — 9,8 млн.

Электрон хизматлардан фойдаланувчилар доираси эса йилдан-йилга ортиб боряпти.

Фазлиддин Анваров:

«Илгари қайсидир хизматдан фойдаланмоқчи бўлсам, идорама-идора юришга тўғри келарди. Лекин ҳозирги кунда Электрон ҳукумат хизматлари ёрдамида уйда ўтириб ёки мобил илова воситасида тўғридан-тўғри ҳамма маълумотларни олиш имконияти яратилди. Авваллари олиш учун бир ҳафта кетган маълумотларни ҳозир Электрон ҳукумат порталига кириб, тўғридан-тўғри юклаб олиш имкониятига эга бўлдим».

Давлат хизматларидан электрон — онлайн фойдаланиш ҳам вақтни тежаш, ҳам молиявий томонлама анча қулай ҳисобланади.

Дунё тажрибасини кўриб чиқадиган бўлсак, давлат идоралари ўзаро интеграциялашиб, инсон омилисиз ҳужжатлар ҳаркатланишига эришилган. Бу, ўз навбатида, фуқароларга давлат хизматларидан тез, қулай ва осон фойдаланиш имкониятини тақдим этади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам мазкур амалиёт анчагина ривожланди ва яхши натижаларга эришиляпти.

Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази директори Баҳром Зиёев:

«2020 йилда Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази барча давлат органлари билан узвий ҳамкорликда ишлаши натижасида бир қанча тизимлар ишга туширилди.

Бу тизимлар нима берди? Ўша давлат органларида бизнес жараёнлари автоматлаштирилиб, аҳолига онлайн хизмат кўрсатишга ўтилди. Шу тариқа ЯИДХП орқали 50 тадан ортиқ хизматларни жорий эта олдик. Ўтган йили, пандемия даврида аҳоли уйдан чиқмасдан ҳам бу хизматлардан фойдалана олди.

Декабрь ойида идентификация тизимини жорий этдик. Агар шу пайтгача электрон ҳукумат тизимларидан фойдаланувчилар 250 минг нафар бўлган бўлса, бир ой ичида уларнинг сони уч бараварга ошиб 700 минг нафарга яқинлашди, яъни жуда қисқа вақт ичида жуда кўп янги фойдаланувчилар қўшилди».

Булардан ташқари, Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази томонидан 2021 йил учун жуда кўплаб вазифалар режалаштирилган. Хусусан:

  • доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш;
  • бакалавриат ва магистратура йўналишларига онлайн ҳужжат топшириш;
  • автотранспорт воситаларини онлайн рўйхатдан ўтказиш;
  • йўл ҳаракати хавфсизлиги каби соҳаларда давлат хизматлари электрон шаклда кўрсатилади.

Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан:

  • 2018 йилда — 38 700 киши;
  • 2019 йилда — 77 400 киши;
  • 2020 йилда — 380 000 киши фойдаланди.

«Ўзбекистон почтаси» АЖнинг олис ҳудудларда жойлашган 50 дан ортиқ почта алоқаси бўлимларида Ягона портал орқали 15 турдаги электрон давлат хизматлари йўлга қўйилиши ҳам муҳим янгиликлардан бўлди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг