Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Муҳокама: электрон далиллар сирасига нималар киритилади?

Муҳокама: электрон далиллар сирасига нималар киритилади?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Мазкур қонун лойиҳаси жорий йилнинг 12 апрель куни Қонунчилик палатаси депутаталари томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган эди. Айни вақтда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Қонун лойиҳасига кўра, электрон далиллар жумласига электрон маълумотлар (график тасвирлар, аудио, видеоёзувлар), Интернет тармоғи манбалари (ижтимоий тармоқлар, веб-саҳифалар)да сақланаётган маълумотлар, медиа ва овозли хабарлар, метамаълумотлар, ахборот базалари ва бошқалар кириши назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳаси билан электрон далиллардан фойдаланиш асослари ва тартиби белгиланмоқда. Шунингдек, электрон далилларнинг ишончлилигини экспертиза йўли билан текшириш ва экспертнинг ҳуқуқлари доирасини кенгайтириш чоралари белгиланмоқда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида электрон далилларни аниқлаш, тўплаш, тақдим қилиш, текшириш, баҳо бериш, қайд этиш, сақлаш тартиблари ва бу жараёнда процесс иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари назарда тутилмоқда.

Ишчи гуруҳи аъзолари таъкидлашича, қонун лойиҳаси интернет тармоғи манбалари, ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар, почта, веб-саҳифалари ва бошқа тизимлардаги электрон маълумотлардан электрон далил сифатида фойдаланиш имкониятини яратади. Шунингдек, мамлакатнинг ҳуқуқ устуворлиги индексининг фуқаролик одил судлови ва жиноий одил судлов таркибий индикаторларидаги мавқеи яхшиланишига, шахс ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишига хизмат қилади.

Қонун лойиҳасини такомиллаштириш ишлари давом этмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг