Digital Bridge 2022: Ўзбекистон делегацияси қатор IT-ечимлари ва стартаплари билан қатнашди
Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти доирасида «Рақамли кўприк 2022» (Digital Bridge 2022) халқаро IT-форуми бўлиб ўтмоқда.
Форумнинг илк кунида «Digital Uzbekistan» тақдимоти билан иштирок этган Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов мамлакатимизнинг ахборот технологиялари имкониятларини батафсил ёритиб, барча иштирокчиларни Ўзбекистонда 24–27 октябр кунлари ўтказиладиган ICT Week Uzbekistan тадбирларига таклиф этди.
Digital Bridge 2022 халқаро IT-форуми кун тартибида Марказий Осиё давлатлари ва Туркий давлатлар ташкилотининг АКТ вазирлари ва халқаро ташкилотлар экспертлари томонидан рақамли технологияларни мегаполисларда ривожлантириш, ахборот-коммуникация технологиялари глобал стратегиясини кенгайтириш, рақамли ҳукумат барқарорлиги, глобал ўзгаришлар даврида рақамли барқарорликка эришиш йўллари, давлат ва бизнесни рақамли ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Веб3.0 экотизими ва блокчейн технологияларини ривожлантириш, рақамли технологияларни ривожлантириш даврида шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, интернетда болалар хавфсизлигини таъминлаш, сунъий интеллектни ривожлантириш каби бир қатор долзарб масалаларга эътибор қаратилди.
Ўз навбатида, мазкур тадбир доирасида Марказий Осиёнинг IT хизматларини хорижга экспорт қилиш салоҳияти ва унга тўсиқ бўлаётган омиллар юзасидан фикр ва мулоҳазалар алмашилди.
Кўргазмадаги Ўзбекистон IT-парки стендида мамлакатимиз компаниялари томонидан IT-ечимлар ва янги стартаплар ўз ҳамкорлик имкониятларини намойиш этишди.
Ушбу форумда иштирок этган Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга Ўзбекистон делегацияси раҳбари Шерзод Шерматов мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида ахборот берди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter