Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Цукерберг: Россиянинг «троллар фабрикаси» Ўзбекистон фуқароларини ҳам бошқаришга уринган

Цукерберг: Россиянинг «троллар фабрикаси» Ўзбекистон фуқароларини ҳам бошқаришга уринган

Фото: «news.zborg.ru»

«Facebook» ижтимоий тармоғи асосчиси Марк Цукерберг ўз компанияси Россиянинг «троллар фабрикаси» сифатида машҳур бўлган «Интернет тадқиқотлар агентлиги» (Internet Research Agency) компаниясига тегишли бўлган 270 дан ортиқ саҳифа ва аккаунтларни аниқлаб, блоклаб қўйганини маълум қилди, деб хабар беради «NV.ua».

«Россия агентлиги бир неча бор АҚШ, Европа ва Россиядаги одамларни алдаш ва уларни бошқаришга уринган ва биз улар дунёнинг қайси нуқтасида бўлмасин «Facebook»ка кирмаслигини истаймиз», — дейди Цукерберк.

Унинг таъкидлашича, блоклаб қўйилган аккаунт ва саҳифалар Россияда яшайдиган одамларга, шунингдек, Озарбайжон, Ўзбекистон ва Украина каби қўшни мамлакатлардаги рус тилида сўзлашувчиларга ҳам қаратилган бўлган.

Маълумотларга кўра, 2018 йилнинг февралида АҚШ ҳукумати Россиянинг 13 фуқаросига ва учта ташкилотига 2016 йилги сайловолди кампаниянинг боришига аралашишга уриниш бўйича расмий айблов илгари сурди. АҚШга қарши тил бириктиришда айбланаётганлар орасида «Интернет тадқиқотлар агентлиги»нинг 12 нафар ходими бор.

Эслатиб ўтамиз, «Cambridge Analytica» компанияси «Facebook»нинг 50 миллиондан ортиқ фойдаланувчига тегишли шахсий маълумотларни тадқиқ этганлиги юзасидан катта можаро келиб чиққан ва бу ижтимоий тармоқ обрўсига жиддий путур етказган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг