«Бу билан тўхтаб қолмаймиз» – Шуҳрат Содиқов журналист ва блогерлар билан очиқ мулоқот қилди (фото)
Бугун, 24 октябрь куни Тошкентдаги Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки шоу-румида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов журналист ва блогерлар билан учрашди. Очиқ мулоқот шаклидаги, яъни галстуксиз ўтган учрашувда АКТ вазири ОАВ вакилларига ахборот технологиялари соҳасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди.
– Ҳар бир соҳада илмсиз тараққиётга эришиб бўлмайди, – деди Шуҳрат Содиқов. – АКТ йўналишида учта олий таълим муассасаси – ТАТУ, ИНҲА, Амити университетлари, битта лицей, тўртта техникум ва АКТга ихтисослашган мактаб фаолият кўрсатмоқда. Тошкент ахборот технологиялари университетининг бешта филиали қаторига энди Тошкент вилоятида ташкил қилинадиган филиал ҳам қўшилади. Бундан ташқари, вилоятларда 52та Рақамли технологиялар ўқув маркази ташкил этилган. Соҳага ихтисослаштирилган бундай таълим муассасаларини ташкил этиш ишлари изчил давом этирилади. Мақсад – илмли кадрларни кўпайтириш, шу орқали соҳа ва мамлакатимиз тараққиётига эришиш.
– Кейинги икки йилги фаолиятимиз давомида республикамизнинг ҳамма вилоятларида бўлиб, вазирлигимиз ишчи гуруҳи билан энг чекка туманлардаги соҳа корхоналари фаолияти билан яқиндан танишдик, – деди учрашувда Шуҳрат Содиқов. – Хизмат кўрсатиш даражасини ошириш учун барча тегишли чораларни кўряпмиз. Ходимларга қулай меҳнат шароитларини яратишга интиляпмиз. Биласизларми, соҳа раҳбари сифатида оддий ходимларнинг ойлик иш ҳақлари камлиги дилимдаги оғриқ нуқталардан бири эди. Ҳозир почта ва телекоммуникация боғламаларидаги ходимларнинг ўртача иш ҳақларини икки баробарга оширишга эришдик. Албатта, бу билан тўхтаб қолмаймиз. Пандемия шароитида бошқа соҳалар қатори алоқачилар ҳам ўз ишларини узлуксиз давом эттиришди.
АКТ вазири журналист ва блогерларга соҳанинг бошқа йўналишларида ҳам амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берди. Шундан сўнг қизғин мулоқотлар бошланиб кетди. Соҳа мутасаддилари ОАВ вакилларининг барча саволларига жавоб беришди.
Учрашув давомида иштирокчиларга Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги АКТга ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари ўзлари яратган дастурий маҳсулотларни намойиш қилишди.
АКТ вазири Шуҳрат Содиқов журналист ва блогерларни Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки – IT-Парк ҳудудида жадал олиб борилаётган бинолар қурилиши билан танишишга чорлади. Вазирнинг ўзи бу ерда бунёд этилаётган бинолар ҳақида батафсил маълумот берди.
Мазкур замонавий мажмуа қурилиши ўтган йилнинг 20 ноябрда бошланган эди. Бу ерда босқичма-босқич 17та иморат, жумладан, 20-25 қаватли офис бинолари, 22 қаватли меҳмонхона, университет, конференция зали, коворкинг маркази ва бошқа объектлар барпо этилади. Иншоотлар 9 баллдан юқори зилзилага чидамли бўлади. Ер остида 3 қаватли автотураргоҳ қурилади. Мажмуа ҳудудида кафе ва ресторанлар, дўконлар, масжид, спорт майдонлари, дам олиш жойлари ҳам бўлади.
Ушбу IT-паркнинг дастлабки иккита биноси фойдаланишга топширилган. Уларда энг замонавий қулайликлар яратилиб, истиқболли стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича инкубация ва акселерация дастурлари ташкил этилган. IT-парк резидентлари сифатида рўйхатдан ўтган корхоналар 2028 йил 1 январга қадар солиқлар ва божхона тўловларидан озод этилган.
Мажмуа танишувдан сўнг АКТ вазири бундай очиқ мулоқотлар шу билан тугамаслиги, вазирлик ҳузурида журналистларнинг медиаклуби ташкил қилиниб, ОАВ вакиллари билан учрашувлар доимий ўтказилиб турилишини маълум қилди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган тадбир журналистларнинг Тошкент телеминорасига экскурсияси билан якунланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter