Болаларда иқтидорни ривожлантириш учун нималарга эътибор бериш керак?
Иқтидорли болалар... Улар нафақат оиланинг, балки жамиятнинг ҳам катта бойлиги. Зеро, ана шундай болаларнинг ақли, салоҳияти, билими туфайли эртага мамлакат иқтисодиёти ривожланади, одамлар бойийди, юрт равнақ топади. Бунинг учун эса иқтидорли болаларга алоҳида эътибор зарур.
Юксак мақсадларни кўзлаб Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ташкил этилган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги АКТга ихтисослаштирилган мактабда зукко, фанларни пухта ўзлаштираётган болалар кўпчиликни ташкил этади. Мактабда уларнинг пухта билим олишлари учун барча шароит муҳайё этилган. Ҳар бир бола учун алоҳида компютер ажратилган бўлиб, энг тажрибали, касбига меҳр қўйган муаллимлар уларга сабоқ беришяпти. Мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, барча фанларни пухта ўзлаштираётганлардан бири 6-синф ўқувчиси Мирмуҳаммад Мирҳамидовдир.
Мирмуҳаммад ўтган йилнинг ноябр ойида Ҳиндистонда ташкил этилган менталь арифметика бўйича халқаро мусобақада иштирок этиб, 37 давлат ичида биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Бу ғалаба тасодиф эмас эди, албатта.
— Бу фанга қизиқишимга ота-онам сабабчи бўлишган, — дейди Мирмуҳаммад. — Уларнинг далдаси билан арифметикага оид дарсдан ташқари китобларни ҳам ўқиб, масалалар ечардим. Шунингдек, ота-онам бошлаб борган пойтахтимиздаги «Даҳолар лабораторияси»даги устозим Муҳайё опанинг тавсияси билан ментал арифметика бўйича ўтказилган мусобақанинг шаҳар босқичида иштирок этиб, 2-ўринни қўлга киритдим. Бу ўтган йилнинг феврал ойида бўлган эди. Июн ойида эса Бишкек шаҳрида ўтказилган халқаро мусобақада қатнашдим.
Ҳиндистонда ўтказилган мусобақада биз жамоа бўлиб, ўн нафар бола қатнашдик. Иштирок этганларнинг ҳаммаси ҳам яхши натижаларни қўлга киритишди.
Қутловлар, табриклар кўп бўлди, албатта. Мен учун энг ёқимлиси отамнинг ифтихор ва кўзда ёш билан «Балли, азаматим! Сендай ўғлим борлиги билан фахрланаман. Ҳали сендан умидим катта. Сен Ўзбекистонни дунёга танитадиганлар сафида бўласан» деган сўзлари бўлди. Демак, бу мен учун ютуқларнинг, шу билан биргаликда, машаққатларнинг бошланишидир. Зеро, Аҳмад ал-Фарғоний бобомиз айтганларидай «Илм мисоли тиконли дарахтдир. Кимки унинг азобига чидай олса, тепасига чиқиб, мевасидан баҳра олгай».
Хўш, болаларда иқтидорни ривожлантириш учун нималарга эътибор бериш керак?
Муниса Арипжонова, Мирмуҳаммаднинг онаси:
— Болада иқтидорни ривожлантириш учун унга ёш гўдак эмас, балки алоҳида бир шахс сифатида муносабатда бўлиш лозим, деб ўйлайман. Унга фикрлашга, мулоҳаза қилишга мажбур қиладиган саволлар бериб, жавобларини эринмай эшитиш, баҳо бериш, қийналса кўмаклашиш даркор. Унинг ҳаётда қайси йўлни танлашини ҳам шу йўл билан аниқлаш мумкин.
Болада китобга муҳаббат ўйғотиш ота-онанинг бурчи, вазифасидир. Керак бўлса, мажбурлаб ҳам китобга яқинлаштириш керак. Зеро, барча билимларнинг калити китобдадир.
Биз фарзандларимизга ҳали ўқишни билмайдиган пайтлариданоқ рангли китоблар совға қилганмиз. Ўша китоблар орқали ҳисоблашни ўргатиб, математикага қизиқишини тарбиялаганмиз.
Ўғлимизнинг ментал арифметикага қизиқишида пойтахтимизда жойлашган «Даҳолар лабораторияси»нинг ўрни катта бўлди. Ўғлимиз у ерда тузилган ёш математиклар командаси сафида турли мусобақаларда қатнаша бошлади.
Мирғани Мирмусаев, Мирмуҳаммаднинг отаси:
— Фарзанд ҳар бир ота-она учун омонат хилқат ҳисобланади. Болага чиройли тарбия бериш, уни одоб-ахлоқли, юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш ота-онанинг бурчи. Болада иқтидорни аниқлаш ва камол топтириш эса янада муҳим вазифа.
Болага биринчи навбатда меҳр керак, деган фикрдаман. Ахир меҳр яхшиликлар булоғи. Бу булоқдан кўп сув ичган бола ғурурли бўлиб ўсади, ўзига ишончи ортади. Уни эришган ютуқлари учун рағбатлантириб ҳам бориш керак.
Шунингдек, назоратни, талабчанликни бир зум ҳам сусайтирмаслик лозим. Боланинг мактабига она эмас отанинг бориши ва устозлари билан унинг тарбиядаги камчиликлари ҳақида суҳбатлашишининг аҳамияти катта бўларкан. Буни ўз тажрибам мисолида айта оламан.
Мирмуҳаммад бугунги кунда пойтахтимизда ўтказиладиган математикага оид «Кенгуру» олимпиадасига тайёрланяпти. Ментал арифметика бўйича халқаро мусобақалар эса бу йил Москва, Сингапур, Иссиқкўл ва Жанубий Африкада ўтказилар экан. Мирмуҳаммад Сингапур ва Иссиқкўлда ўтказиладиган мусобақада иштирок этади.
Маъфура Расулова, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги АКТга ихтисослаштирилган мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари:
— Мактабимизни ташкил этишдан мақсад ҳам иқтидорли ўқувчиларни бир жойга тўплаб, уларга фанларни чуқурлаштирилган ҳолда ўқитишдан иборат. Ана шундай юрагида ғайрат-шижоат, келажакка ишонч, юксак чўққиларни эгаллашга ҳаракат барқ уриб турган болаларни ўқитиш ҳар биримизга завқ бағишламоқда.
Болаларда иқтидорни тарбиялаш учун эса болага ҳали жуда ёш пайтидан алоҳида эътибор зарур. Боланинг саволларига жавоб беришдан эринмаслик керак. Савол беряптими, демак унда қизиқиш бор. Ана шу қизиқиш орқали уни секинлик билан бирор соҳага йўналтириш мумкин. Унга бўлди, кўп гапираверма, деб жеркиб ташласангиз, ана шу қизиқишни сўндирган бўласиз. У энди бошқа савол бермайди.
Оиладаги соғлом муҳит боладаги иқтидорга асос ҳисобланади. Буни ҳар бир ота-она унутмаслиги керак. Ва болани ёшлигидан китобга дўст қилмоқ зарур. Бола қанчалик кўп китоб ўқиса, унинг онгу тафаккури ортиб бораверади.
Иқтидорли болаларни юлдузлик касалидан сақлаш нафақат ота-она, балки биз педагогларнинг ҳам бурчимиздир.
Муборак Миркамолова, "Xabar" мухбири
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter