Билайн ўз абонентларига бир неча миллион сўмни қайтаради. Компания иккита судда ютқазган
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги «Beeline Uzbekistan» мобил компанияси устидан иккита судда ютиб чиқди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан «UNITEL» (Beeline Uzbekistan)га қарши мобил алоқа хизматларини кўрсатиш қоидалари ҳамда «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини бузганлиги юзасидан иш қўзғатилди.
2019 йилнинг июл ойида «UNITEL» МЧЖ ўз абонентлари учун «Хабардор бўл» хизматига улаш (10 ва 30 кун бепул) бўйича реклама акциясини ўтказади. Ушбу акция хизматга уланмаган абонентлар учун мўлжалланган эди. Аммо бепул муддат тугагандан сўнг, ушбу хизмат (акция шартларига кўра, у автоматик равишда ўчирилмаган) учун кунига 240 сўмдан ундирилади.
Ушбу акция доирасида 3,2 миллиондан ортиқ абонент хизматга уланган, улардан 1,2 миллион нафари хизматни мустақил равишда ўчириб қўйишган.
2020 йил май ойи ҳолатига кўра, ушбу хизмат деярли 1,3 миллион абонентда уланганича қолган.
2020 йил 3 июлда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг махсус комиссияси томонидан «UNITEL» МЧЖнинг «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун талабларини бузиши факти бўйича қарор чиқарган. Унга кўра, «Хабардор бўл» хизматига бепул акция даврида уланган абонентлардан хизматни ўчириб қўйиш ҳамда етказилган зарарни қоплаш бўйича талаблар киритилган. Бунда ҳар бир абонент учун етказилган зарар миқдори «Хабардор бўл» хизмати учун ҳисобдан ечиб олинган пул миқдорига қараб белгиланади ва абонент рақами ҳисобига тушириш йўли билан қопланади.
«UNITEL» МЧЖ компанияси ўзининг қонуний ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда, жорий йилнинг август ойида Шайхонтоҳур туман маъмурий судига Агентлик томонидан чиқарилган қарорни ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида мурожаат қилган. Суд жараёнида «UNITEL» талаби рад этилади ва Агентликнинг қарори қонуний деб топилади. Аммо октябр ойида компания яна апелляция билан Тошкент шаҳар маъмурий судига мурожаат қилган. Бироқ, бу ерда ҳам суднинг аввалги қарори ўзгаришсиз қолдирилади ва «UNITEL» МЧЖнинг апелляцияси рад этилади.
Шу тарзда 9 ой давом этган жараён истеъмолчилар фойдасига ҳал қилинди.
Қайд этилишича, бугунги кунга келиб «Beeline Uzbekistan» абонентларига етказилган зарар миқдори 20 миллиард сўмдан зиёдни ташкил қилмоқда. Ушбу маблағларни компания абонентлар рақамларига миллий валютада қайтариб беришни бошланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter