«Apple» компанияси «Samsung»га қарийб бир миллиард доллар жарима тўлади
«Apple» компанияси «Samsung»га OLED-панелларини етказиб бериш тўғрисидаги шартномада кўзда тутилган йирик жаримани тўлаб берди. Бу ҳақда DSCC агентлиги сайтида хабар берилган.
Аналитиклар Корея компаниясининг 2020 йил иккинчи чорагидаги ҳисоботини ўрганиб чиқишди ва 64 миллиард доллар миқдорида тушум бўлганини аниқлашди. Мутахассислар Кореянинг «The Elec» нашри маълумотларини ҳам текшириб кўришди. Унга кўра операцион тушумга «Apple»нинг 900 миллион доллар миқдоридаги жаримаси ҳам киритилган. DSCC ҳисоб-китобига кўра, тўлов аслида 950 миллион долларни ташкил этган.
Америка компанияси «Samsung»га шартномада кўрсатилганидан камроқ миқдорда OLED-панелларини харид қилгани учун белгиланган жаримани тўлаб берди. Аналитиклар «Apple» 2020 йилнинг бошида смартфонлар бозорида талабнинг пасайиши туфайли камроқ таркибий қисмларни сотиб олишга мажбур бўлган, деган хулосага келган.
Ҳисоботда айтилишича, бу «Apple»нинг бажармаган мажбуриятлари учун тўлаётган биринчи жаримаси эмас. 2019 йилда ҳам компания белгиланган миқдорда ишлаб чиқарилган OLED-панелларининг ҳаммасини сотиб олмагани учун «Samsung»га 683 миллион доллар миқдорида жарима тўлашга мажбур бўлган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter