«Apple» яна энг қиммат компанияга айланди
Куни кеча «Microsoft» компанияси даромадлари ошганлиги ҳақидаги молиявий ҳисоботини эълон қилганди. Шундан сўнг унинг акциялари нархи ўсиб, «Microsoft» капитализацияси 1 триллион АҚШ долларидан ошган эди.
Кеча эса «Apple» ҳам ўз ҳисоботини эълон қилди ва бунинг ортидан купертинолик корпорация акциялари 6 фоизга қимматлашди. Бунинг натижасида Тим Кук компанияси капитализацияси яна 1 триллион доллардан ошиб кетди. Эсингизда бўлса, у ўтган йилнинг августида триллионлик маррани эгаллаган илк компания бўлганди.
Бир триллион долларлик кўрсаткичга илк бора эришган «Microsoft» эса ҳозирда 992 миллиард долларлик капитализация билан иккинчи ўринга тушиб қолган.
Лекин шуниси қизиқки, «Apple» ҳисоботига кўра, унинг барча молиявий кўрсаткичлари ўсиш ўрнига бирмунча пасайган. Унинг смартфонлар савдоси ҳам анча сустлашган, фақат тақилувчи электроника гаджетларидан ва сервисларидан тушадиган даромади сал ошган. Шунга қарамасдан, унинг акциялари қимматлашгани ғалати. Афтидан, «Apple»нинг жорий чорак учун прогнози юқорироқ эканлиги инвесторлар эътиборини тортган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter