«Archos Sitee Connect» — «Android»да ҳаракатланадиган илк самокат тақдим этилди
«Archos» компанияси «Android Oreо» операцион тизимида ишлайдиган «Citee Connect» самокатини тақдим этди. У смартфоннинг барча функцияларини ўзида мужассам этган, жумладан, интернетга киришга ҳам қодир тўлақонли мултимедиали бошқарув панели жойлашган сенсорли экран билан жиҳозланган. Бундан ташқари «МWC 2018» кўргазмасида яна иккита самокат модели намойиш этилади, деб хабар берди «4PDA».
«Archos Sitee Connect» ҳимояланган 8,5 дюймли ғилдираклар, бошқарув тутқичлари ва мўътадил ҳаракатланишга ёрдам берадиган протекторлар билан жиҳозланган. Самокатнинг ҳаракатини қуввати 250 ватт бўлган двигател ва 36 волтли батарея таъминлайди. Бир марта зарядланган самокат шаҳар бўйлаб 25 километр йўл босиши мумкин.
Самокатнинг смарт-функциялари «Android 8.0 Oreo» ёрдамида ишлайди. Унинг «капоти»да тўрт ядроли процессор, 1 гигабайтли оператив хотира, 8 гигабайтли ички хотира ҳамда ҳаракатланиш вақтида тўғридан-тўғри интернетга уланиш имконини берадиган 3G модули мавжуд. Намлик ва бошқа ташқи таъсирлардан ҳимояланган 5 дюймли дисплейда ҳаракат тезлиги, босиб ўтилган масофа ва аккумуляторнинг қанча қуввати қолгани кўрсатиб турилади.
Ушбу самокат жорий йилнинг ёзидан бошлаб сотувга чиқади. Нархи 499,99 евро бўлиши кутилаяпти.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter