АКТ вазирлигининг Жамоатчилик кенгаши янги қарор лойиҳаларини муҳокама қилди
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги қошида тузилган Жамоатчилик кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Электрон тижорат субъектларининг Миллий реестрини ташкил этиш тўғрисида»ги ҳамда «Рақамли маҳсулотлар учун битимларни расмийлаштириш ва бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби бўйича Низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳалари муҳокама қилинди.
Жамоатчилик кенгаши аъзолари электрон тижорат субъектларини аниқлаш механизмини диққат билан кўриб чиқдилар, шунингдек рақамли маҳсулотлар учун битимларни расмийлаштириш ва бухгалтерия ҳисобини юритиш тартиби юзасидан таклифларини билдирдилар.
Ҳар иккала қарор лойиҳалари айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳасини муҳокама қилиш порталида жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган. Улар билан қуйидаги манзиллар орқали танишиш мумкин:
https://regulation.gov.uz/ru/documents/2682
https://regulation.gov.uz/ru/documents/2672
АКТ вазирлиги мазкур ҳужжатларда кўтарилган масалалар бўйича аҳолида таклифлар бўлса, муҳокамада иштирок этишга чақирган.
Яқинда Жамоатчилик кенгашининг «Facebook» тармоғидаги саҳифаси ўз ишини бошлади. Мазкур саҳифа орқали барча хоҳловчилар Кенгаш фаолиятини кузатиш ҳамда режалаштирилган муҳокамаларда қатнашиш имконига эгалар.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 4 майида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши тузилган эди. Жамоатчилик кенгашининг бош мақсади вазирлик олдида турган энг муҳим вазифаларни белгилаш ва амалга оширишда шаффофлик ҳамда самарадорликни таъминлаш, шунингдек аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан яқин ҳамкорликни ўрнатиш орқали вазирлик фаолиятига нисбатан жамоатчилик ишончини оширишдан иборат.
Шу билан бирга, Жамоатчилик кенгаши вазирлик ҳамда бошқа давлат органлари ташаббуси билан шакллантирилаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаларида иштирок этиши, давлат хизматларини кўрсатиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиши, соҳани ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон Республикасида янги технологияларни татбиқ қилиш бўйича хорижлик эксперт ҳамда IТ-компанияларни жалб қилиш чораларини кўради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter