Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АКТ соҳасида стратегик маркетингдан тортиб стрессни енгишгача...

Бугун, 21 февраль куни «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» ДУК раҳбар-ходимлари малакасини ошириш учун 5 кунлик ўқув семинари бошланди. «Ахборот-коммуникация технологияларининг рақамли иқтисодиёт ривожлантиришдаги ўрни» мавзуига бағишланган ўқув машғулотларида «РРТМ» ДУКнинг вилоятлардаги таркибий бўлинмалари раҳбарлари иштирок этишмоқда.

Семинар очилишида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологияларива коммуникацияларни ривожлантириш вазири ўринбосари Жамол Махсудов ҳам қатнашиб, бундай амалий машғулотлар раҳбарлар малакасини оширишда ўта муҳимлигини таъкидлаб, иштирокчилардан яна фаол бўлишни сўради.  Шунингдек, «РРТМ» ДУК бош директори Муроджон Собиров, «M-Factor» МЧЖ асосчиси Ҳасан Мамасаидовлар ҳам сўзга чиқишди.

Дастлабки кун ўқувларида раҳбар ходимларнинг корхонада стратегик маркетингни олиб бориши, бу борада SWOT бошқа таҳлил усулларидан фойдаланиш бўйича кўникмаларини шакллантириш, шунингдек  KPI тизими ва уни тўғри ташкил этиш заруриятлари бўйича маърузалар қилинди. Эътиборлиси, қатнашчилар ҳам ўзларини қизиқтирган мавзулар юзасидан кўплаб баҳс-мунозараларга киришиб кетишди.

Ҳақиқатда беш кунлик ўқув курсларида эътиборни тортадиган мавзулар киритилган. Хусусан, кадрларни бошқариш менежменти, раҳбарларда касбий стресс профилактикаси ва уни енгиш усуллари, нега маркетинг ишламаяпти, раҳбар кадрларнинг креатив фикрлаш кўникмаларини оширишнинг инновацион усуллари сингари мавзулар тингловчилар учун фойдали бўлишига шубҳа йўқ. 

Корхонада бошқарув самарадорлигини ошириш йўналишлари бўйича ташкил этилган ўқув машғулотлари 25 февралгача давом этади ва тингловчилар,ўз навбатида, анъанавий бошқарув ҳамда илғор хорижий тажриба билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўладилар. Машғулотлар якунида тингловчиларга сертификатлар топширилади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу махсус курслар “M-Factor” МЧЖ ўқув биносида бўлиб ўтмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг