Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

400 млн.дан 3,7 мрд. долларгача! 2017 йили сотиб олинган энг йирик 8 стартап (фото+видео)

400 млн.дан 3,7 мрд. долларгача! 2017 йили сотиб олинган энг йирик 8 стартап (фото+видео)

2017 йили сотиб олинган энг қиммат стартаплар.

Фото: «Hyser»

«Стартап» атамаси шунчалик оммалашиб кетдики, ҳар куни янгидан-янги ғоялар дунё юзини кўрмоқда ва бу инсониятга қулайлик яратиш учун хизмат қиляпти. Ўтаётган йилни сарҳисоб қилар эканмиз, йилнинг энг йирик харидларига айланган стартаплар рейтингини тузиб чиқишга қарор қилдик.

«Shazam» дастури.
Фото:«iPhones.ru»

8-ўрин. «Shazam» — «Apple» томонидан тахминан 400 миллион долларга сотиб олинди.

«Shazam» қўшиқларни автоматик аниқлаш дастури бўлиб, 18 йил олдин, 1999 йили яратилган. 2014 йилнинг ўзидаёқ ушбу дастур ёрдамида 15 миллиард қўшиқни мусиқаси ёрдамида аниқлаб олиш имкони мавжуд эди. Ана шундай улкан дастур 2017 йилнинг 11 декабрида «Apple» томонидан сотиб олинди ва энди «Shazam»нинг активларидан «Apple Music»ни ривожлантириш учун фойдаланилади.

«Trello» лойиҳаларни онлайн бошқариш дастури.
Фото:«Atlassian»

7-ўрин. «Trello» — «Atlassian» томонидан $425 млн.га харид қилинди.

«Trello» лойиҳаларни онлайн бошқариш дастури бўлиб, 2017 йил январ ойида Австралиянинг «Atlassian» компанияси томонидан сотиб олинди. «Atlassian»  компанияси бундан олдин ҳам «HipChat», «Jira», «Slack» каби лойиҳаларни бошқариш дастурларини бошқарар эди. «Trello» ҳам энди «Atlassian»нинг «болалари» қаторидан жой олди.

«NuTonomy» ўзи бошқариладиган машинаси.
Фото:«Forbes»

6-ўрин. «NuTonomy» — $450 млн.га «Delphi» таркибига қўшилди.

2013 йили ташкил топган «NuTonomy» ўзи бошқариладиган машиналар, автоматик мобил роботлар дастурини яратувчи компаниядир. «Recode» нашрининг хабар беришича, стартап шу йилнинг октябр ойида «Delphi Automotive» компанияси томонидан сотиб олинган. «NuTonomy»нинг айнан йирик «Delphi Automotive» компанияси таркибига қўшилиши сабаби бор, ушбу компания 23 йилдан бери дунёдаги йирик автомобил ишлаб чиқарувчиларга автоқисмлар етказиб бериш билан шуғулланиб келади. «NuTonomy» томонидан етказиб берилган дастурлар орқали энди бозорнинг катта улушини эгаллаш кутилмоқда.

«Shipt» 550 миллион доллар эвазига «Target» сафига қўшилди.
Фото:«Deli Market News»

5-ўрин. «Shipt» — «Target» сафига 550 миллион доллар эвазига қўшилди.

«Target» компанияси ушбу йилда озиқ-овқат маҳсулотларини онлайн етказиб бериш хизмати «Shipt»ни сотиб олди. АҚШда 1828та савдо марказига эга «Target» компаниясининг «Shipt» стартапини сотиб олишига асосий сабаб рақобатчилар «Walmart» «Jet.com»ни, «Ikea» эса «TaskRabbit»ни сотиб олганидадир. Бу каби инновацион лойиҳани олиш қарорига харидорларни узоқ вақт йўқотмаслик учун қилинган сармоя деб қаралди.

«Oracle» реклама бозоридаги қудратини оширди.
Фото:«MarTech Series»

4-ўрин. «Moat» «Oracle» ширкати томондан $850 миллионга харид қилинди.

«Oracle» апрел ойида рекламаларни назорат қилиш билан шуғулланувчи «Moat» стартапини сотиб олди. 2010 йили ташкил этилган ушбу стартап рекламачилар ва ноширларни онлайн рекламаларни кўриш ва улар билан мулоқотда бўлишларини назорат қилишга, баҳолашга кўмак беради.

«Oracle» реклама бозоридаги қудратини оширди.
Фото:«Android Headlines»

3-ўрин. «Musical.ly» — 1 миллиард доллар эвазига «ByteDance Technology» компанияси таркибига ўтди.

«Musical.ly» ўсмирлар орасида шов-шув кўтарган ижтимоий тармоқ бўлиб, лабда синхронлаштирилган видео клипларни тарқатиши билан машҳурдир. 2014 йили хитойлик Алекс Чжу (Alex Zhu) ва Лую Янг (Luyu Yang) томонидан ташкил этилган тармоқнинг фаол фойдаланувчилари сони 2016 йилга келиб 90 миллионга етди ва кунига жойлаштириладиган видеолар 12 миллиондан ошди.

«Wall Street» журналининг маълумотига кўра, шу йилнинг 9 ноябрида Хитойнинг «ByteDance Technology» компанияси қарийб 1 миллиард долларга «Musical.ly»ни сотиб олган.

«PetSmart»  3.35 миллиард долларга харид қилинди.
Фото:«RTTNews»

2-ўрин. «PetSmart» — «Chewy» томонидан 3.35 миллиард долларга харид қилинди.

Уй ҳайвонлари учун 30 000 турдаги маҳсулотларни интернет орқали (chewy.com сайтида) сотиш билан шуғулланувчи компания  2011 йили ташкил топган.

Бир неча маротаба инвестиция киритилган «Chewy»  компанияси шу йилнинг май ойида яна бир йирик «PetSmart» компаниясини 3.35 миллиард доллар эвазига ўз таркибига қўшиб олди. Бу сумма мутахассислар томонидан жудаям катта эканлиги таъкидланди, сабаби, «PetSmart»нинг ўз нархи бор-йўғи $ 8.7 миллионга баҳоланарди.

2017 йилнинг энг қиммат стартапи «Cisco» сафига ўтди.
Фото:«Jimmy Winokur»

1-ўрин. «AppDynamics» — «Cisco» томонидан 3.7 миллиард долларга сотиб олинди.

«AppDynamics»  Сан-Францискода 2008 йили ташкил этилган бўлиб, дастур самарадорлигини бошқариш  ва IТ-амалиётларни таҳлил қилиш билан шуғулланади. Компания булутли ҳисоблаш муҳитида (Cloud) дастурларнинг ишлаши ва мавжудлигини бошқаришга йўналтирилган. 2016 йили «AppDynamics» «Forbes» томонидан «Топ-100» Cloud рейтингида 9-ўринда баҳоланганди. Йил бошида эса ушбу компания «Cisco» томонидан 3.7 миллиард эвазига сотиб олинди ва 2017 йилнинг энг қиммат стартапига айланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг