«3-5-2»: Хитой АҚШга қарши савдо урушида шу тактикани танлади
Хитойдаги барча давлат ташкилотларига уч йил муҳлат берилди: ҳамма хориж компьютер қурилмалари ва дастурий таъминотидан буткул воз кечади. Идоралар эса буйруқни пайсалга солиб ўтиришгани йўқ, ишга киришиб кетишди. «Microsoft», «Dell» ва «HP» каби Америка компаниялари «Сэм амаки» бир йилча бурун «Huawei»га берган зарба мазаси қанақа бўлишини мана энди кўришади.
Хабарларга ишонадиган бўлсак, махфий буйруқ 2019 йил бошидаёқ ҳаммага етказилган, хуллас, Пекин барча хитойликларни ёппасига чет элникидан ўзининг компьютер техникаларига ўтқазмоқчи.
Экспертларнинг тарозига солишларича, Хитойга бунинг учун 20-30 млн. бирлик қурилма керак. 2020 йилда техниканинг 30 фоизи, 2021 йилда 50 фоизи, 2022 йилда эса қолган қисми алмаштирилади. Мана шу техносиёсатнинг қисқача номи — «3-5-2».
Бу худдики АҚШ телеком гиганти «Huawei»га қўллаган усул — имкон қадар кўпроқ истеъмолчисидан мосуво этиш хоҳишига ўхшаб кетади. Вашингтон Америка компанияларига «Huawei» билан олди-берди қилишни ман этгани етмаганидек, европаликларни ҳам хитойликларга қарши қайрамоқда. Ҳаттоки АҚШ «Huawei» иштирокидаги 5G инфратузилма лойиҳаларини музлатиб қўйиш талабини қўйиб, Европага босим ҳам ўтказмоқда.
Баландпарвоз режалар ўз йўлига, хитойликларга эса осон бўлмайди: айниқса, ғарб дастурий таъминоти ўрнига ўзиникини татбиқ этиш анча мураккаб жараён. Чунки Хитой дастурий таъминотлари, масалан, Kylin OS экотизими нисбатан анча қашшоқ, кўплаб муҳим иловалар етишмайди. Шунга қарамай, Хитой ҳукумати оёқ тираб олган: барча давлат буюртмачилари Windows 10 дан, ҳатто ҳукумат буюртмаси асосида «Microsoft» компанияси бу мамлакат учун махсус ишлаб чиққан талқинидан ҳам воз кечишлари талаб этилмоқда.
Америка технология компаниялари Хитойдан қарийб 150 миллиард доллар даромад қилишади. Гарчи бунинг салмоқли қисми хусусий секторга тўғри келса ҳам, барибир, Хитой жуда улкан бозор — бунақа зарбадан ўнгланиш осон бўлмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter