Япония Ўзбекистон билан таълим соҳасида ҳамкорликни янада кучайтирмоқчи
Тошкент шаҳрида Япония олий таълим муассасаларида таҳсил олган ўзбекистонлик мутахассисларнинг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Тадбир Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Япония ОТМ битирувчилари клуби (UJUAC – Uzbekistan Japan Universities Alumni Club) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Анжуманда Кунчиқар ўлка ОТМ битирувчиларининг таълим соҳасида эришган ютуқлари муҳокама қилинди.
Тадбирда Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Такаши Ҳатори ҳам қатнашди. Дипломат Токио Тошкент билан турли соҳалар қаторида таълим бўйича ҳам ҳамкорликни янада кенгайтириш ниятида эканини таъкидлади.
«Японияда таҳсил олиб қайтаётган ўзбекистонликлар сони йил сайин ошиб бормоқда. Улар турли соҳаларда фаолият олиб бориш баробарида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда. Шу боис улар ўртасидаги учрашувларни кўпроқ ташкил қилиб, тажрибаларини янада бойитишга ёрдам бериш керак деб ўйлайман. Масаланинг яна бир жиҳати бор: ҳозирда Япониядан келиб, Ўзбекистон олий ўқув муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар сони ҳам ортиб бормоқда. Келажакда улар билан ҳам ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилади», – дейди элчи Такаши Ҳатори.
Япония ҳукумати молиялаштираётган лойиҳа доирасида юзлаб юртдошимиз Кунчиқар юртнинг нуфузли университетларида таҳсил олиш имконига эга бўлди.
Аввал хабар берганимиздек, ўтган йили ҳам 300 миллион иеналик (тахминан 2 миллион 190 минг доллар) «Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар тақдим этиш» лойиҳаси бўйича ҳужжат имзоланган. Беғараз ёрдам дастури доирасида 2024 йилда Ўзбекистоннинг 18 нафар ёш давлат хизматчиси магистратура (2 йил) ва 1 нафар ёш давлат хизматчиси докторантура (3 йил) босқичида таълим олади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Япония ҳукумати томонидан 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида молиялаштирилаётган дастур доирасида 390 нафар Ўзбекистон вазирлик ва идоралари вакиллари нуфузли университетларда таҳсил олди.
Японияда таҳсил олиб қайтган юртдошларимиз парламент ва ҳукумат, таълим, ишлаб чиқариш, хусусий бизнес, халқаро ташкилотлар тизимида масъул лавозимларда фаолият юритиб келмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter