Янги алифбо лойиҳаси, хусусан Ц ҳарфи ҳақида
Куни кеча лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича ишчи гуруҳнинг якуний хулосаси эълон қилинди.
Бу ишчи гуруҳ хулосаси, холос. У ҳали Қонунчилик палатаси томонидан тасдиқланиши керак.
Ушбу хулосага олиб келган муҳокамаларда иштирок этган ва хулосага имзо чеккан инсон сифатида ўз мулоҳазаларимни билдираман.
Тўртта қўш ҳарф масаласи ҳаммага аён, бу борада ортиқча гапириб ўтирмайман.
«ng» ҳарф бирикмасининг алифбодан чиқариб ташланиши ҳақида шуни айтишим мумкинки, биз бу билан бурун товуши «нг» дан воз кечаётганимиз йўқ. Товуш бор, уни мактабдан ўргатилса, кифоя. Бунда «ўрни келганда битта товуш (сингил, кўнгил), ўрни келганда иккита – н+г ҳарфлари (чангак, унга) сифатида қабул қилинади» деган қоида кифоя. Инглиз тилида бир ҳарфнинг ўрнига қараб бир неча товуш билдиришини эсланг.
«ng»ни алифбодан ҳарф ўлароқ чиқариб ташланишига сабаб эса қўшҳарфлардан умуман воз кечиш принципидир. Ахир, биз алифбо исоҳотини айнан шу қўшҳарфларга барҳам бериш учун қиляпмиз-ку. Қолаверса, «ng»ни бир ҳарф деб қабул қилиш натижасида бўғин кўчиришда ҳам чалкашликлар кўпайиб кетди ва бу саводхонлик масаласига салбий таъсир кўрсатди.
Ц ни сақлаб қолиш ва унга лотин графикасида С ҳарфини бериш масаласи жиддий муҳокама бўлди. Ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилишида (ректор Шуҳрат Сирожиддинов кабинетидаги йиғилиш) Ц ни сақлаб қолиш ҳақидаги таклифимни Низомиддин Маҳмудов домла қаттиқ қайириб ташладилар. Октябрдаги имло конференциясида С ҳарфини Ж учун олиб, иккита Ж қилиш масаласи кўтарилди, С ни Ц ўрнига олиш яна қаттиқ рад этилди. Айтиш лозимки, ўша конференцияда асосан катта авлод тилшунослар фикри эътиборга олинди.
Кейинчалик матн, таржима, электрон таржима ва матнларни алифбодан алифбога конвертация қилиш билан фаол шуғулланадиган ёш мутахассислар ҳам ишчи гуруҳга жалб қилингач, С ҳарфи Ц ўрнига олинадиган бўлди. Кўриб турганингиздек, бу ўриспарастлик, Россия таъсири деган сиёсий мотивлар эмас, айнан амалиётчи мутахассисларнинг асосли фикрлари ва таклифлари ортидан қабул қилинган қарордир.
Бизнинг миллий талаффуз ва транслитерация қоидаларимиз ҳамда принципларимиз йўқ. Бундай шароитда Ц ни С деб бердик нима-ю, умуман алифбода акс эттирмай, уни S га юклаб қўйдик нима? Бу билан тилимиз миллийлашиб қолмайди. Товушларни сақлаб қолиш, тилимизни асраш учун алифбо эмас, фольклор ва шеваларга кўпроқ мурожаат қилиш ҳамда миллий транслитерация ва талаффуз қоидаларини ишлаб чиқиш масалаларига кўпроқ эътибор берганимиз дуруст.
С ни Ц ўрнига киритиш кўпроқ техник муаммоларга боғлиқ. Аввало, кириллдан лотинга матнларни автомат ўгиришни осонлаштириш учун шундай қилиняпти. Биз Ц ни қабул қилиб бўлганмиз, тарихий вазият шундай, худди фамилияларимиздаги -ев қўшимчаси каби. Минглаб терминлар, исмлар, жой номлари бор. Уларни ёппасига S орқали бера олмас эканмиз, чалкашликлар кўп бўларкан.
Масалан, ҳозирги алифбода «ц» га алоҳида ҳарф билан берилмаган. Биз «ц» ни ўрнига қараб «ts» ёки «s» билан ифодалаймиз. Тўғри, «ц» туркий тиллар учун ёт товуш. Аммо тил тараққиёти натижасида бу товуш иштирокидаги интернационал сўзлар, терминлар тилимизга кўп кириб келган. Кўпчилик «ц»ни ҳамма ўринда «s» деб талаффуз этиш ва ёзишни таклиф қиляпти. Лекин шундай атамалар борки, «s» билан ёзилганда омоним бўлиб қолади: цанга – sanga, церий – seriy, цоколь – sokol ва ҳоказо. Бу айнан шундай матнларни кўп ёзадиган мутахассислар, абитуриентлар ва талабалар томонидан маъқулланмаяпти.
Ҳозирги ўзгаришлар мавжуд имло қоидаларимизга жиддий таъсир ўтказмаслиги, уларни ағдар-тўнтар қилиб ташламаслиги, шу сабабли саводхонлик масаласига ҳам салбий таъсир қилмаслиги билан ҳам эътиборли.
Бу функционал қарор, сиёсий эмас.
Бор гап шу. Ц ни сиёсийлаштирмаслик керак.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter