Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Халқ таълими вазирлиги: фарзанд тарбиясига етарли даражада эътибор бермаган ота-оналар жаримага тортилди

Халқ таълими вазирлиги: фарзанд тарбиясига етарли даражада эътибор бермаган ота-оналар жаримага тортилди

Фото:«Xabar.uz»

Интернет тармоғида Юнусобод туманидаги 17-умумтаълим мактабда содир бўлган жанжал тасвири тарқалган эди. 

Халқ таълими вазирлигининг Ҳуқуқий-назорат хизмати томонидан ушбу мактабнинг 9-синф ўқувчиси Л.М ва 10-синф ўқувчиси С.А ўртасида юз берган низоли ҳолат ўрганиб чиқилган.

Аниқланишича, жорий йилнинг 13 апрелида Л.М ва С.А ўртасидаги жанжални шу мактабнинг 9-синф ўқувчиси Ш.Ш уяли телефони орқали тасвирга олган ҳамда видеотасмани телеграмм ижтимоий тармоғидаги «Дўстлар» гуруҳига, шунингдек, «Гонзо» аккаунтига инстаграмга ташлаган.

«Мазкур ҳолат 26 апрель куни Мирзо Улуғбек тумани ИИБ Вояга етмаган ишлар бўйича идоралараро комиссия томонидан кўриб чиқилган. Л.М.нинг ота-онаси фарзанд тарбиясига етарли даражада эътибор бермагани учун МЖтКнинг 47-моддаси 1-қисмига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг бир бараварига, яъни 202 730 сўм жаримага тортилган.

ХТВнинг Ҳуқуқий-назорат хизмати текшируви натижасида мактаб директори томонидан жанжалнинг бошқа иштирокчиларини ҳисоботдан яширгани, туман ва шаҳар ХТБ ҳамда ИИБга хабар берилмагани аниқланди. Хизматнинг бевосита аралашувидан сўнг ушбу ҳолат юзасидан қўшимча ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 2019 йилнинг 1 май куни Шайхонтоҳур ва Мирзо Улуғбек туманлари ИИБ Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиясига юборилди» дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, 10-синф ўқувчиси С.А.нинг ота-онаси фарзанд тарбиясига бефарқлиги учун Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддаси 1-қисмига асосан энг кам иш ҳақининг икки баробари, яъни 405 460 сўм миқдорида жаримага тортилган.

Бундан ташқари, тегишли ҳужжатлар асосида жорий йилнинг 10 май куни Мирзо Улуғбек тумани Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияси 9-синф ўқувчиси Ш.Ш.нинг ота-онаси фарзанд тарбиясига бефарқ бўлганлиги ва Вазирлар Маҳкамасининг 139-сонли Қарорида белгиланган мактаб ҳудудида мобиль телефондан фойдаланиш қоидаларини бузганлиги учун Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддаси 1-қисмига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг уч баробари, яъни 608 190 сўм миқдорида жаримага тортилди.

Ўзбекистон Республикаси «Таълим тўғрисида»ги ҳамда «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги Қонунлар талабларига қатъий амал қилинишида таълим муассасасида ўқувчилар томонидан ҳуқуқбузарликни содир этилишининг олдини олишга етарли даражада эътибор қаратмаганликлари, ўқувчилар ахлоқи устидан назоратни сусайтирганликлари учун мактаб директори ҳамда ўринбосарларига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 181-моддаси 1-бандига мувофиқ ҳайфсан эълон қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг